Ҳозирда аҳолининг камида 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаби мавжуд. Бу ҳақда Президент раислигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Маълум қилинишича, келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж яна 10 миллиард киловатт соатга ошади. Бундай вазиятда энг самарали йўл — муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш. Бу борада 2019 йилда алоҳида жамғарма ташкил қилиниб, аҳолига бюджетдан субсидия бериш тизими жорий этилди.
Лекин бирорта вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ёки вазирда ўз тизимидаги ташкилотларда энергия истеъмоли, уни тежаш, муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш бўйича ҳисоб-китоб йўқлиги, улар жорий қилинган субсидия ва компенсациядан ўз тармоғи ёки ҳудудида фойдаланиш бўйича жон куйдирмагани танқид қилинди.
Муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилади
Бунда, аҳоли ва тадбиркорларга:
- ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади;
- ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилиши белгиланди.