Афғонистондаги "Толибон" муваққат маъмуриятининг матбуот вакили Забиҳулло Мужоҳид мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмаси тўлиқ тугатилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Tolo News” хабар берди.
"Биз барча турдаги наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйдик. Афғонистон ҳудудида уларнинг ишлаб чиқарилиши батамом тўхтатилди. Гиёҳвандлик воситалари етиштириш ва тарқатилиши амалда йўққа чиқди", — деди Мужоҳид.
Унинг таъкидлашича, агар аввалроқ мамлакатда гиёҳванд моддалар контрабандаси жиддий муаммо бўлган бўлса, ҳозир бу масала табиий равишда ўз ечимини топмоқда.
Бунга жавобан Эрон Ички ишлар вазири ўринбосари Али Акбар Пуржамшидиён Эроннинг шарқий чегара ҳудудларида, яъни Покистон ва Афғонистон билан чегарадош минтақаларда гиёҳванд моддалар айланмаси ва хавфсизлик таҳдидлари ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда наркотик воситаларнинг йирик захиралари сақланиб қолган.
"Гарчи Афғонистон ҳукумати гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва кўкнор экишни таъқиқлаган бўлса-да, биз бу мамлакат ҳудудида наркотик моддаларнинг катта миқдори сақланаётганига аминмиз. Уларнинг бир қисми шарқий чегаралар орқали Эронга олиб ўтилмоқда. Бу эса бизнинг чегара хавфсизлигимизга, миллий манфаатларимизга ва ижтимоий барқарорлигимизга жиддий таҳдид солмоқда", — деди Пуржамшидиён.
Шу ўринда, аввалроқ "Толибон"нинг гиёҳвандликка қарши кураш бўлими вакили Абдул Раҳмон Қосимий мамлакат аҳолисининг камида 10 фоизи гиёҳванд моддаларга ружу қўйганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, Афғонистонда гиёҳвандларга ёрдам бериш бўйича ихтисослаштирилган даволаш дастури амалга оширилмоқда ва бу саъй-ҳаракатлар самара бермоқда. Жумладан, сўнгги бир йил ичида даволаниш учун мурожаат қилган 100 минг кишининг 95 фоизи муваффақиятли соғайган.
Абдуллоҳ Саййид