АсосийJamiyat

Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 млрд. сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширди

'Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 млрд. сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширди'ning rasmi

Ангор тумани мактабгача таълим бўлими томонидан ўтказилган давлат харидида қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ижтимоий тармоқларда “Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 млрд. сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширди” номи остида эълон қилинган хабарда қайд этилган давлат хариди билан боғлиқ ҳужжат ва маълумотлар ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасида мазкур давлат хариди бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунларининг талаблари бузилганлиги аниқланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида хўжалик шартномалари уларни имзолашга тайёрлаш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилиши кераклиги, шартномаларни уларнинг имзоларисиз тузишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Шунга қарамай, Ангор туман мактабгача таълим бўлими билан 2022 йил 27 январда тузилган шартнома ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан тарафлар томонидан имзоланган ва орадан 4 ой ўтгач, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

Шунингдек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида давлат харидларининг асосий принциплари (молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик) белгиланган.

Шу каби ушбу Қонуннинг 19-моддасида давлат буюртмачиси давлат харидларини амалга оширишда ўз расмий веб-сайтига ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтига, оммавий ахборот воситаларига эълон жойлаштириши, давлат харидларини режалаштириши, бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги эълонларни фақат молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги тасдиқланган тақдирдагина махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимига ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштириши шарт эканлиги қайд этилган.

Бироқ, Ангор туман мактабгача таълим бўлими томонидан ушбу талабларга риоя қилинмаган ҳолда давлат хариди бўйича шартнома имзоланган.

Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 71-моддасига кўра, давлат буюртмачилари тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни шартнома тузилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштириши шарт.

Ангор тумани мактабгача таълим бўлими томонидан эса 2022 йил 27 январь куни тузилган 7-сонли шартнома махсус электрон ахборот порталига 113 кунга кечиктириб жойлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилди.

    Бошқа янгиликлар