Аввал хабар қилинганидек, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 11 июнь куни пойтахтимиздаги "Пахтакор" стадионида U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон – Ироқ ўйинларини ёритишга борган ЎзММАга аъзо "Севимли" телеканалининг мухбири ва тасвирчисига Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан куч ишлатилгани ҳақида хабарлар кенг тарқалмоқда.
ЎзММА айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб бормоқда. Бу ҳақда Ассоциация матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, ЎзММА Бошқаруви раиси Ш.Қудратхўжа ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдириб ўтди.
"Мен ўзим ҳам шу ерда эдим, кузатувларим ҳам бор. Пандемиядан кейинги даврми ёки одамларимиз анчадан бери бу даражадаги футбол кўрмагани учунми, ўша куни одамларда эҳтирос кучли бўлди. Бу эса баъзан агрессия ҳолатларини келтириб чиқаради. Тушунамиз, футбол миллионлар ўйини. Лекин биз Осиё футбол федерацияси, судьялари қарорларини ҳурмат қилишимиз керак. Биз ўзимизнинг майдонда, жамоамиз учун жон куйдирамиз. Шу билан бирга, ўрнатилган умумий футбол қоидалари бор. Ўзбекистон ҳудудида бунга амал қилишимиз лозим. Бу жиҳатдан биз ўзимизга хос бўлган вазминликни, донишмандликни кўрсатишимиз керак. Афсуски, ўша куни мухлисларнинг Ироқ футболчиларига ва баъзида бизнинг журналистларга ҳам сув идишлари ва оғир предметли нарсаларни отганларини ҳам оқлаб бўлмайди.
Биз футбол томошабини бўлиш маданиятини ўрганишимиз керак. Мана кўряпмизки, бунинг оқибатлари яхши бўлмаяпти...
Энди “Севимли” телеканали бўйича... Бу ҳақида биз бир нечта манбалардан суриштиряпмиз. Чунки манбалар ҳар хил маълумот беришмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам журналистга, тасвирчига нисбатан, умуман медиа соҳасидаги ҳар бир одамга нисбатан ким тарафдан ва қандай мақсадда бўлса ҳам, куч ишлатиш, тазйиқ ўтказиш ёки таҳдид қилиш нотўғри! ЎзММА номидан "кучишлатар тизим"ларни, ўша куни футбол хавфсизлигига жавоб берган тизимларни медиа олами ва унинг вакилларига бундай қилмасликка чақирамиз!" - дейди Қудратхўжа.






