АсосийJamiyat

Ўзбекистон Антигуа ва Барбуда билан дипломатик муносабатлар ўрнатди

'Ўзбекистон Антигуа ва Барбуда билан дипломатик муносабатлар ўрнатди'ning rasmi

Кеча Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон билан Антигуа ва Барбуда ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжатни икки давлат ҳукуматлари номидан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ҳамда Антигуа ва Барбуданинг БМТдаги доимий вакили Уольтон Альфонсо Вебсон имзолади.

Антигуа ва Барбуда Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 141-давлат бўлди. У Кариб денгизининг ғарбий қисмида жойлашган, Британия Ҳамдўстлиги, шунингдек, Америка давлатлари ташкилотига аъзо.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини белгилаб олиш учун икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Қўшма баёнотни имзолаш маросимидан сўнг Уольтон Альфонсо Вебсон “Дунё” ахборот агентлигига қисқача интервью берди:

– Мен учун Антигуа ва Барбуда ҳукумати номидан Ўзбекистон элчиси билан бирга ушбу шартномани имзолаш катта шарафдир. Мамлакатимиз ҳукумати бутун дунё бўйлаб муносабатларни кенгайтиришдан мамнун. Ўзбекистон биз учун глобал ҳамкор ҳисобланади.

Ушбу келишув Антигуа ва Барбуда ҳамда Ўзбекистон халқлари ўртасидаги ижтимоий ва маданий ришталарни мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишонамиз. Шунингдек, иқтисодий йўналишда ҳам алоқаларимиз чуқурлашади, деб умид қиламиз.

    Бошқа янгиликлар