Жангир – Хан номидаги Ғарбий Қозоғистон Аграр – Техника Университети мутасаддиларидан иборат делегация айни кунда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университетида меҳмон бўлиб турибди. Бу ҳақда университет ахборот хизмати хабар берди.
Қозоғистон делегацияси аъзолари Ўқув ишлари бўйича проректор, қ.х.ф.доктори, доцент Нуркен Губашев, Талабалар билан ишлаш Маркази директори Бейбитжан Раҳимгалиев, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Лаура Душаевалардан иборат.
11 июнь куни кечки рейс билан Самарқанд заминига етиб келган қозоғистонликлар дам олиш кунида қадим ва кўҳна шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилдилар.
Қайд этилишича, 13 июнь куни ташрифдан кўзланган асосий мақсад ўлароқ, Университет ҳаёти билан яқиндан танишишни бошладилар. Меҳмонлар СамДВМЧБУ проректорлари, А.Элмуродов, А.Даминов, А.Гаппаров, шунингдек Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ж.Йўлчиев ва бошқа таълим маскани мутасаддилари томонидан эҳтиром билан кутиб олинган.
Учрашув давомида ҳар икки олий таълим муассасалари мутасаддилари ўз ОТМлари ҳақида гапириб беришди. Жангир – Хан ғарбий Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида жойлашган нуфузли олий таълим маскани ҳисобланиб, айни кунда Университетда 9000 нафардан зиёд талабалар таҳсил олишади. Маскан қишлоқ хўжалиги ва техникага оид 36 турдаги мутахассисларни тайёрлайди.
Олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур ташриф давомида қозоқ биродарларимиз Университетда фаолият кўрсатаётган ўқув ва илмий лабораториялар билан танишдилар.
Ташриф жорий йилнинг 16 июнь кунига қадар давом этади, дейилади хабарда.






