Ижтимоий тармоқ саҳифаларида “Тошкент – Шаҳрисабз” йўналишидаги поездларга чипта топиш муаммоси мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Мазкур масала бўйича йўловчиларни темир йўл орқали ташиш билан фаолият юритувчи “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ қуйидагича изоҳ берди.
2019 йилнинг 15 март кунидан 2020 йилнинг 24 март кунига қадар “Тошкент – Шаҳрисабз – Тошкент” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари ўз қатновларини амалга ошириб келган. Ушбу бир йил даврида ҳаракатланган йўловчилар оқими таҳлил қилинганда, Шаҳрисабздан Тошкент шаҳрига келувчи ҳамда Тошкент шаҳридан Шаҳрисабзга борувчи йўловчилар сони жуда камлиги сабабли (умумий йўловчиларнинг бир фоизига ҳам етмайди), мазкур поезд қатнови Қарши шаҳрига қадар қисқартирилган ва 2020 йилда карантин чоралари юмшатилганидан сўнг поезд “Тошкент – Қарши – Тошкент” йўналишида ҳаракатланишни бошлаган.
Жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентинг берилган топшириқларига асосан 2022 йил май ойидан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлар ҳаракати “Тошкент – Шаҳрисабз – Тошкент” йўналишида қайта тинкланди ва ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари амалга ошириб келинди. Жорий йил 25 июндан бошлаб ушбу поезд Шаҳрисабзгача фақат йўловчилар сони кўп бўлган якшанба куни боради. Хафтанинг бошқа кунларида эса йўловчилар сони жуда ҳам кам бўлмоқда.
Шу ўринда қайд этиш лозим, 6317/6318-сонли "Қарши – Шаҳрисабз – Қарши" йўналишида ҳар куни шаҳарлараро электропоездлар қатнови мавжуд.
“Тошкент – Шаҳрисабз – Тошкент” йўналишида ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездидаги жойлар сони 286 тани ташкил этади ва чипталар эркин савдога 45 кун олдин чиқарилади. Поезд жўнашига саноқли кун қолганида, талаби юқори бўлган чипталарни расмийлаштириш (сотиб олиш) эҳтимоли кам.Шунинг учун сафар имкон қадар олдинроқ режалаштирилса мақсадга мувофиқ бўлади. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида темир йўл кассаларига бормасдан www.chipta.railway.uz ёки www.e-ticket.railway.uz сайтлари орқали электрон чипта харид қилиш имконияти яратилган, дейилади хабарда.