АсосийJamiyat

2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қилаяпмиз — Президент

'2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қилаяпмиз — Президент'ning rasmi

Президент йиғилишда Ширин шаҳри энергетика коллежидаги тажрибага тўхталди. Коллежда Саудия Арабистонининг “ACWA power” компанияси буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Компания 2,8 млн долларга замонавий устахона, лаборатория ва ётоқхона барпо қилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳозирги кунда компания буюртмаси асосида 140 нафар ёшларни муқобил энергия станцияси техниги, оператори ва диспетчери каби касбларга тайёрлаш бошланган.

Вилоят ҳокимларига Олий таълим вазирлиги ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда шу тажриба асосида ҳар бир туман, шаҳар кесимида:

-  йирик иш берувчилар ва хорижий корхоналар билан музокара олиб бориб, техникумларни йирик саноат корхоналари ва кластерларга бириктириш;

- ҳар бир вилоятда камида 2 тадан техникумда халқаро таълим дастурларини жорий этиш топширилди.

Айрим техникумларга бир йилда 2 марта қабул ташкил этиш амалиётини бошлаш вазифаси қўйилди.

Бандлик вазирлигига ўтаётган 70 та муассаса негизида мономарказлар, шундан 25 тасини жорий йил якунига қадар ишга тушириш шартлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга профессионал таълим педагог ва усталари учун муносиб шароит қилиб бериш, уларнинг касбий маҳоратини ошириб борадиган тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

“Очиқ айтиш керак, 2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қилаяпмиз”, деди Президент.

Шу боис, келгуси йил 1 январдан:

- профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади;

- ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади;

- эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади.

Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.

    Бошқа янгиликлар