Давлатимиз раҳбари аҳолини касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳозирда қонуний асослар бўлсада, биронта хусусий коллеж ёки техникум мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Хорижий компаниялар ҳам ёшларимизни касбга ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб ташаббусларни билдирмоқда.
Бу борадаги ишларни фаоллаштириш мақсадида хусусий коллеж ва техникумлар ташкил этиш учун қатор имтиёзлар берилади:
- лицензия олиш учун талаблар қайта кўриб чиқилиб, зарур маблағнинг минимал миқдори 2 бараварга камайтирилади;
- бўш бинолар узоқ муддатга ижарага берилади;
- хориждан келтириладиган адабиётлар ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинади;
- халқаро малака сертификатини олган ҳар бир битирувчи учун 1 миллион сўмдан тўлаб берилади;
- эҳтиёжманд ёшлар тўлов-контракти маблағининг 30 фоизи қоплаб берилади.
“Ўқув йили деярли якунланди. Олдимизда 404 минг нафар ўрта таълим, 151 минг нафар касб-ҳунар таълим, 125 минг нафар олийгоҳ битирувчилари, жами 680 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифа турибди”, деди Президент.
Шу мақсадда барча ҳокимлар:
- битирувчилар билан шахсан учрашади;
- ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали учрашувларнинг аниқ вақти, жойи ва телефонларини эълон қилади;
- учрашувларда ректорлар, йирик иш берувчилар, корхона ва кластерлар, мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этади;
- битирувчиларнинг ишга эҳтиёжи, қизиқиши ва кўникмаларини ўрганиб, уларнинг балансини шакллантиради;
- иш берувчиларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мономарказларда касбга тайёрлашни ташкил этади.
Бу ишларни амалга ошириш учун жойларда доимий ишлайдиган штаблар тузилиши, улар ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар ва уларнинг ота-онаси билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиши, келиб тушадиган ҳар бир мурожаат тезкор кўриб чиқилиши шартлиги белгиланди.
Йиғилиш якунида мутасаддилар ахборот берди.






