1

Афсонавий Қиз минораси, энг митти китоблар музейи, машҳур “Бриллиант қўл” филми... Бокунинг Ичери Шеҳери сайёҳларни нимаси билан ўзига жалб этмоқда? (фотосаёҳат)

ДУНЁ 21.06.2022, 23:03
Теглар: Фото, Боку, Ичери Шеҳер
Афсонавий Қиз минораси, энг митти китоблар музейи, машҳур “Бриллиант қўл” филми... Бокунинг Ичери Шеҳери сайёҳларни нимаси билан ўзига жалб этмоқда? (фотосаёҳат)

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон давлат туризм агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган инфо-тур муносабати билан бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Озарбайжоннинг маданияти, тарихий ва маданий объектлари, қолаверса, урф-одати, анъаналари билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур давлатда бўлишди. 

Бизнинг навбатдаги энг муҳим манзилимиз шаҳарнинг тарихий қисми — Ичери Шеҳер бўлди. Халқ орасида кўпинча Гала (қалъа) деб аталадиган бу маскан Бокунинг юраги ҳисобланади. 

Қалъа деворлари билан ўралган ҳудудда VIII—XI асрларда савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, маданият яхши ривожланган. XV асрда Ширвоншоҳ ўз қароргоҳини Шемахидан Бокуга кўчириб ўтгач, Ичери Шеҳер янада марказлашди. 1747 йилдан 1806 йилгача асосан Ичери Шеҳерда жойлашган Боку Боку хонлигининг пойтахти бўлган. Бокуни руслар эгаллаб олганидан сўнг 1806 йилда ва айниқса нефть қазиш авжига чиққанидан кейин XIX аср ўрталарида ва ХХ аср бошларида Боку шиддатли равишда кенгая бошлади ва Ичери Шеҳер қалъа деворларидан ташқарисига чиқди. 221 минг квадрат метрни ташкил қилган, атрофи қалъа деворлари билан қуршаб олинган қадимий бу масканда айни дамда мингдан ортиқ оила истиқомат қилади.

Қалъа ичини айланар экансиз, кўчаларининг баъзи жойлари кенг, ўртача, баъзилари эса жуда тор ва паст-баланд кўринишда эканини кўрасиз. Кўчалар бўйлаб жойлашган дўконларда Озарбайжоннинг хилма-хил миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли эътиборини жалб қилиб келади. Агар сиз илк бор бораётган бўлсангиз, бирор йўлбошчи билан айланмасангиз адашиб қолишингиз ҳеч гап эмас. 

Майдони 22 гектардан иборат Ичери Шеҳер ҳудудида юзлаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Улардан 28 таси давлат даражасидаги, 3 таси дунё миқёсидаги аҳамиятга эга. 

АФСОНАВИЙ ҚИЗ МИНОРАСИ.

Дунёда миноралар кўп ва улар ҳақида турли афсонаалар ҳам мавжуд. Парижда Эйфел минораси, Лондонда Биг Бен, Ҳиндистонда Тож Маҳал, Афинада Акропол, Бухорода Минораи Колон бўлса, Бокуда эса Қиз минораси бор. Қиз минораси ҳақида тарихий манбаларда жуда кўп афсоналар мавжуд. Келтирилган манбаларга кўра, минора шундай қурилганки, монархлар ва уларнинг мулозимлари минора дарвозаларини қулфлаб, уни узоқ вақт ҳимоя қилишлари мумкин бўлган. Қиз минорасидан Ширвоншоҳлар саройига яширин ерости йўлаги мудофаа назариясига қўшимча аҳамият беради. 

Баъзи олимларнинг фикрига кўра, бу ном қадимги қабилаларнинг диний эътиқодлари билан ҳам боғлиқ. Дева (қиз) атамаси зардуштийларнинг “Авесто” китобида номини олган сув маъбудаси Анахитанинг белгисидир. Ислом даврида бу ибодатхоналар диний аҳамиятини йўқотиб, шунчаки мудофаа истеҳкомларига айланди. Бироқ унинг нима учун нима мақсадда қурилгани ҳақида ҳалигача аниқ тўхтамга келингани йўқ. Қиз минорасига ҳаводан қарасангиз, унинг бута шаклига эга эканлигини кўришингиз мумкин, бу минорани Бокунинг миллий рамзига айлантирган.

“ЧЁРТ ПОБЕРИ”...

Машҳур "Бриллиант қўл" фильмининг кўплаб эпизодлари Ичери шеҳер кўчаларида олинган. Ҳозирда биргина шу сабаб билан сайёҳлар бу жойни атай қидириб келиб, фильмдаги каби суратга тушиб кетишади. Айни пайтда фильм олинган жойда кинонинг ўша лавҳалари акс этган сурат қўйилган, кинода акс этган хона эса сайёҳлар учун дўкон вазифасини бажармоқда. 

ЭНГ МИТТИ КИТОБЛАР...

Ичери Шеҳернинг ҳар бир кўчаси сайёҳлар учун қизиқ. Қалъа ичининг тор кўчаларидан ўтиб борар экансиз Миниатюра китоб музейига кўзингиз тушади. Музейнинг ўзига хослиги шундаки, унда дунёнинг энг кичик ҳажмдаги китоблари йиғилган. Бу ерда ҳатто ҳажми 1 мм. ҳам чиқмайдиган нанокитоблар бор экан. Маълумотларга кўра, айни пайтда музейда 83 давлатдан 6 мингга яқин китоблар жамланган. 26-жавонда эса айнан Ўзбекистонга тегишли бўлган ўзбекча китобларни учратасиз. Алишер Навоий, Зулфия, Фурқат ва бошқалар ижодлари, Ўзбекистон давлати ва мустақиллиги ҳақида ва  Биринчи Президент И.А.Каримов китоби ҳам ўрин олган. Музей митти китобларининг кўплиги хусусиятига кўра Гиннес рекордлари китобига киритилган. 

Хуллас, Сиз Ичери Шеҳерда вақтингиз қандай ўтганини билмай қоласиз, Қалъани бир кун айлансангиз ҳам зерикмайсиз. Дарҳақиқат, унинг ўзига хослиги халқаро эътирофларга ҳам сазовор бўлган. 1977 йилда Ичери Шеҳер мажмуаси тарихий-меъморий қўриқхона мақомини олди, 2000 йил декабрь ойида эса Қиз минораси Ширвоншоҳлар саройи билан биргаликда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. 

Фарида Эгамбердиева,
Тошкент-Боку-Тошкент

Шарҳлар

Солиҳон домла 15 суткага қамалди

01.04.2024, 16:31

Ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган Солихон Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Darakchi.uz га хабар берди.2024 йил 30 март Тошкент...
Педагогларни 3 йил куттирган қонундан қайси имтиёзлар “тушиб” қолган?

21.02.2024, 17:28

Хабарингиз бор, 2024 йил 1 февраль куни “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ундаги педагоглар учун энг асосий ўзгаришлардан бири – энди мактабга янги ишга кирган...
⚡️iPhone 16 кўриниши эълон қилинди

13.02.2024, 09:36

Твиттерда Majin Bu тахаллуси остида яширинган таниқли Apple инсайдери янги авлод iPhoneлари ҳақида янги маълумотлар билан бўлишди. Инсайдер хабаридан маълум бўлишича, компания бир вақтнинг ўзида...
Вайрон бўлган уйлар, жароҳат олган одамлар ва уларга ёрдам бераётган ходимлар… Сергелида отган машъум тонг (фотожамланма)

29.09.2023, 00:10

Бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1