1

"Илик кўчиришга муҳтож болалар операция учун чет элга юборилади"

ЖАМИЯТ 01.07.2022, 18:58
"Илик кўчиришга муҳтож болалар операция учун чет элга юборилади"

30 июнь – Ёшлар куни. Халқ тили билан айтганда эса "Ёшлар байрами".  Айни сана кеча республикада катта тантаналар билан нишонланиб, ёшларнинг кайфиятига кайфият қўшгани сир эмас. Хусусан, давлат раҳбарининг кеча ёшларга сўзлаган нутқи ва унда қайд этилган янгиликлар куннинг ажойиб совғаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. 

Унданда қувонарли жиҳати шундаки, бир муддат аввал болалар томонидан президентга йўлланган хатларга шахсан Шавкат Мирзиёевнинг жавоби "Ёшлар куни" муносабати совғалар билан эгаларига етказилди.

Шу вақтга қадар гоҳ оғриқ, гоҳ йиғи овозидан зада бўлган Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази деворлари ҳам кеча қувончли онларга гувоҳ бўлди.

Дастлаб ИИВ академияси оркестри ходимларининг ажойиб чиқишлари болалар ва ҳуддудда жам бўлган ота-оналар дилини хушнуд этди. 

Айтиш лозим, бу йилги  "Ёшлар куни" Дилзодахон учун ҳам унутилмас бўлиб қолди. У муддатидан аввал давлат гранти асосида ўзи истаган таълим даргоҳи — Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига қабул қилинди.

Орзу-интилишлари йўлида президентга ишонч билан хат йўллаган бошқа болажонларга ҳам жавоб мактублари ҳамда совға-саломлар ўзи хос равишда топширилди.

Мазкур жараённи Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов амалга оширди. Шунингдек, тадбирда Спортни ривожлантириш вазири маслаҳатчиси Авазжон Каримов ҳам қатнашиб, совға-саломлар улашди. 

Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев болажонларни табриклаб, уларга ажойиб хушхабарни етказди.

Вазир илик кўчирилишга муҳтож болалар чет елга операция учун юборилишини маълум қилди.

"Президентимиз менга шахсан топшириқ бердилар. Кимга илик кўчириш амалиёти зарур бўлса, рўйхатини тузиб, маблағини ўзлари қоплаб беришларини айтдилар. Мана, дунёнинг 6 мамлакати шифохоналари билан алоқадамиз. Яқинда 5-10 нафар бола Туркияга олиб кетиладиган бўлди. Бундан ташқари, Қозоғистон, Россия Федерацияси ҳам шулар жумласидан. Энди кейинги қадамимизда ҳар бир болани аниқлаб, даволатилади",-дейди Мусаев.

Ушбу янгилик касалликдан азият чекаётган болалар ва уларнинг ота-оналар учун ҳақиқий совға бўлди. 

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази бош шифокорининг айтишича, марказда беморлар ҳамиша кўп бўлади ва улар давога муҳтож.

"Ҳозирги вақтда бизнинг марказимизда, асосан, ўткир лейкоз ва оғир қон касалликлари билан болалар даволанишади. Наслий камқонлик, гемофилия, орттирилган гемолитик камқонлик шулар жумласидан. Бундан ташқари, онкологик ва бирламчи иммун танқислиги билан даволанувчи беморлар ҳам бор",-дейди марказ бош шифокори.

Бош шифокор Darakchi.uz' билан суҳбат давомида ажойиб маълумотни эълон қилди. Унинг таъкидлашича, айни вақтда 500 нафардан ошиқ бемор маълум касалликдан бутунлай соғайиб кетган.

"10 йилдан буён ўткир лейкозни даволашда янги усулни қўллаяпмиз. Москва-Берлин протоколи асосида кўрган чорамиз билан тузалган болалар 500дан ошган. Яна бир хушхабарни айтишим керак, аввалгий йил болаларимизнинг 10 нафари олийгоҳлар талабаси бўлди. 5 нафари тиббиёт йўналишида ўқияпти. Биз бундан жудаям хурсандмиз",-дейди шифокор.

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1