Олтиариқ ва Ҳазорасп туманларида ишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Олтиариқ туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, туман тиббиёт бирлашмасининг ходимлар бўлими мудири, танлов комиссияси котиби Ш.П. фуқаро Х.ни бирлашма комиссияси раиси ва аъзолари ёрдамида ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Ш.О. фуқаро С.ни танишлари орқали ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.