1

Нуриддин Ҳайдаровнинг сўнгги васияти нима бўлган? Ёхуд сирли равишда йўқолган қўшиқлар...

МАДАНИЯТ 03.08.2022, 13:39
Нуриддин Ҳайдаровнинг сўнгги васияти нима бўлган? Ёхуд сирли равишда йўқолган қўшиқлар...

2004 йил 3 октябрда 1957 йилнинг 1 август санасида таваллуд топган ўзбек эстрада санъатининг юлдузларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти, мухлислар қалбига яқин қўшиқлар ижрочиси Нуриддин Ҳайдаров бу ёруғ оламни тарк этганлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Бу машъум хабарни эшитганлар “Наҳотки, бўлиши мумкин эмас... Ахир соппа-соғ юрганди-ку?” дея таажжуб ва қайғу билан юзларига фотиҳа тортдилар. Устози Шерали Жўраевнинг “Нимаики яхши хислат бўлса, шу йигитда мужассам эди. Орамиздан эрта кетмоқда, ҳали кўп ишлар кутаётганди уни...” деган сўзлари жанозага келганларнинг барини титратди, гўё. Камтарликни шиор қилган, одамларга яхшилик қилишни доимий вазифаси деб билган бу инсонни ҳамма бирдай яхши кўрарди, десак хато қилмаган бўламиз. Унинг она Ватанни мадҳ этувчи “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, “Ўзбекистон муштарак” каби қўшиқлари истиқлолнинг биринчи йилларидаёқ Мустақиллик мадҳи бўлиб янграганди. “Дўлана”, “Аразлама”, “Алдама””, “Юр, муҳаббат”  тароналарини мухлислар бугун ҳам севиб тингламоқдалар.

Эрка ўғил

Жуда кўпчилик “Санъаткор бўлишимга дадам сабаб, онам сабаб, ёки тоғам сабаб”, дейишади. Аммо Нуриддин бундай дея олмасди. Чунки санъатдан йироқ оддий деҳқон оиласида туғилганди. Отаси Усмон акага рубоб олиб беринг, деб хархаша қилганлари-ю узоқ кутганини кулиб-кулиб эсларди. Ниҳоят, гузардаги дўконга рубоб келади ва  уни ўғлига сотиб олиб берган отанинг қулоғи тинчийди. Чалишни ўрганиб олган Нуриддин ўша пайтда машҳур бўлган қўшиқларни ижро эта бошлайди. Бу унинг қўшиқ оламига қўйган биринчи қадамлари эди...                                                                                                         “Кўриниши, муомаласи, ўзини тутишидан  мулойим бўлиб кўринган Нуриддин аслида жуда шўх бола бўлганди. Тўртта қизнинг ичида биттагина арзанда  ўғил бўлгани учунми, онам раҳматли уни асраб-авайлашга ҳаракат қилардилар. Ёзда “чўмилгани борма”, деб анҳоргача кетидан қувиб борсалар, кўз ўнгиларида сувга сакраб, нариги  қирғоққа сузиб бораркан.Онажоним кўприкдан ўтиб, нариги қирғоққа борсалар, яна сувга сакраб бу қирғоққа қайтиб сузаркан. Кейингина онамнинг олдиларига тушиб, югуриб уйга қайтаркан. Шунчалар шўх бўлганки, оғзига бензин олиб пуркарди, бир куни болалик қилиб, бензинни шамол келаётган томонга пуфлаб, юзи куйиб қолганиям эсимда... Аммо битта ўғил эканлигини ҳамиша ҳис қиларди. Ота-она, барча яқинларига меҳрли эди, ҳурматларини жойига қўярди...” дея эслайди хонанданинг болалик онларини опаси Ўғилой Мамажонова.    

“75 ёшга кирсак бўлди...”

Манзура Ҳайдарова, рафиқаси: — Нуриддин ака ўлим ҳақида жуда кам гапирардилар. Лекин бир марта менга “Етмиш беш ёшга кирсак, етади. Жуда қариб қолсак, болаларни қийнаб қўямиз. Етмиш беш ёшлик юбилейимизни ўтказамиз-да, биргалашиб кетаверамиз...” дегандилар ҳазил аралаш. Шу гапларини кўп эслайман. Афсус,  ўйлаган    ёшларига етолмадилар. Ҳазрат Бобур ёшида — 47 да оламдан ўтдилар.                                                                                                                                              Уйга кириб келишлари билан хонадонимиз ёришиб кетгандай бўларди. Болаларни, айниқса набираларини бошқача яхши кўрардилар. Ўригидан мағизи ширин, деб бекорга айтишмаган экан, деб қўярдилар. Уларнинг кўнглига қараб бирига паравоз, бирига от бўлиб берарардилар, қўшилишиб ўйнардилар. Ҳозир невараларимиз кўпайишган, у киши атиги учтасини кўрдилар. Ҳаммасини кўрганларида роса қувонган бўлардилар, деб ўйлаб қоламан. Тақдир экан...   Нуриддин ака билан Фарғона Давлат Педагогика институтида ўқиб юрган пайтларимизда танишганмиз. Улар тарих, мен математика факультетида ўқирдик. Олтита фарзандни вояга етказдик, бир-биримизни тушуниб яшадик. Ўғиллари Ҳожиакбар ва Жасурбекларнинг камолини кўриш насиб этмади. Энг катта орзуларидан бири Жасурбекнинг жаҳон чемпиони бўлишини кўриш эди...

“Дийдорларига тўймай қолдим...”

Бекмурод Жўраев, шогирди: — Устозимни ҳаётининг сўнгги пайтларида кўпроқ тушкун кайфиятда кўрардим. Аммо Мустақиллик байрамини “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” қўшиғи билан очиб беришини эшитиб, жуда хурсанд бўлганди. Ҳар куни тайёргарлик жараёнларида қатнашиб, ишхонага яхши кайфиятда қайтарди. Аммо яқин қолганда юрак хуружи сабаб ётиб қолди. Бу ўттизинчи август, кечки соат бешларда бўлди. Шу сабаб Мустақиллик байрамида саҳнага уларнинг ўрнига мен чиқдим.  Даволанаяптилар-у, ваъда берган хизматларига мени жўнатардилар. Мухлисларига бўлган ҳурматни қаранг, оғир аҳволда бўлишларига қарамай, уларни ранжитишни истамадилар. Чунки устозим бировнинг дилини оғритган одам эмасди, ҳамманинг кўнглини топишга ҳаракат қиладиган, камтар инсон эди. Бир куни устозим таклиф этилган тўйга бориб қайтаётганимда қўл телефонимга қўнғироқ қилиб вафот этганларини айтишди. Ўша дақиқаларни умримнинг охиригача унутолмасам керак. Тўрт йил бирга ишлаган бўлсам-да, меҳрларига, дийдорларига тўймай қолдим...

“Бировга ҳасади йўқ эди...”

Мирзабек Холмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Нуриддин Ҳайдаров олифта, посон йигит эди, чиройли кийиниб юришни яхши кўрарди. Яхши ифорли атирлар сепарди, у кирган давралар файзга тўлиб кетарди. Кўп сафарларга бирга борганмиз, халқ унинг қўшиқларини яхши кўрарди. Айниқса “Давлатинг борида...” деган сўзлар билан бошланадиган қўшиғини кўп сўрашарди. Ақлли суҳбатдош эди, у билан диний, дунёвий мавзуларда соатлаб гаплашган одам ҳам зерикмасди. Бирор ножўя ишини кўрмаганман, оғзидан хунук сўз чиққанини эшитмаганман раҳматлини. Атрофдагиларга ҳурмати баланд, бировга ҳасади йўқ инсон эди. Жаҳолат даврида менга “Ичкилик ичманг...” деб айтарди. “Халқни кулдириш осонмас, илҳом беради...”мдеб ўзимни оқлагандай бўлардим. У эса “Истеъдодли йигитсиз, санъатни маишатга аралаштирманг”, деб берган маслаҳатлари қулоғимда қолган. “Халқлар дўстлиги” саройида концерт берганида бирга ишлагандик. Бу инсоннинг орқасидан Фарғонада жуда кўп дўстлар орттирганман.  Бугун Нуриддин Ҳайдаров орамизда йўқ. Аммо унинг мухлислари кўнгил мулкига айланиб қолган қўшиқлари яшамоқда. Аслида  санъаткорнинг чин бахти ҳам ана шунда. Аллоҳим раҳматига олган бўлсин.                  

“Биров билан узоқ вақт аразлашмаган...”

Жамолиддин Усмонов, жияни ва шогирди: — 12-13 ёшдан Нуриддин акамнинг одамларга муомалалари, меҳрлари, ҳурматларига ҳавас қилиб, биз ҳам санъаткорликни орзу қилиб шогирд бўлганмиз. Доим ёнларида юрардим, хушхулқ, ширинсухан одам эди. Биров билан жанжаллашиб, узоқ вақт аразлашиб юрганларини ҳеч кўрмаганман. Мабодо, ўртада бирор гап ўтиб қолган тақдирдаям орадан ўн- ўн беш дақиқа ўтиб ўша одам билан ҳеч нима бўлмагандай кулишиб, ҳазил-ҳузул қилиб гаплашиб кетардилар. У инсонда мен  Ўзбекистон халқ артистиман, деган фикр йўқ эди, таниган одамми, танимаган одамми ҳаммага бирдай чиройли муомала қилардилар. Оддий миробми, тракторчи биланми гаплашганларидаям доим  қўллари кўксиларида бўларди. Қўли очиқ инсон эди,  ёрдам сўраб келган одамдан “Сен кимсан?” деб сўрамай қўлидан келганча ёрдам берганига кўп марта ўзим гувоҳ бўлганман. Ҳеч қачон қуруқ қайтармасди. Оилапарвар, рафиқасига ҳурмати баланд, болаларига меҳрли ота эди. Ошна-оғайнилари кўп эди. Бугунги кунда ижодини ўғли Хожиакбар Ҳайдаров давом эттираяпти. Отасини соғинган мухлисларига қўшиқларини тақдим этаяпти.  

“Ҳаммаси сирли равишда бажарилди”

Манзура Ҳайдарова: — Турмуш ўртоғимнинг сўнгги кунларини эсласам, мухлисларига етиб бормаган охирги қўшиқлари ёдимга келади. Юрак хуружи билан шифохонага тушиб қолишларидан аввал иккита янги қўшиқни ёзиб тайёр қилгандилар. Оғир аҳволда ётганида “Янги қўшиқларимни тузалсам, мухлисларимга ўзим тақдим этаман. Агар тузалмасам, уларни ҳеч ким эшитмасин!” деган гапни айтганди. Тақдирнинг ҳукми шу экан, умр йўлдошим бизни ташлаб кетди. Маъракалардан сўнг,  ёзилган иккита қўшиқни фақат яқинларимизга эсдалик сифатида тарқатамиз деган ниятда студиядан келтирилган кассетани магнитофонга қўйдик. Бирдан кассета чайналиб кетди. Мўъжизани қарангки, Нуриддин аканинг васияти сўзсиз бажарилди. Сўнгги қўшиқларини нафақат мухлислари, ҳатто яқинлари ҳам эшита олишмади. Қўшиқнинг студиядаги ёзуви ҳам изсиз йўқолганига ҳайрон бўламан, топилмади...

Туҳфа Назарова тайёрлади,
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 28 феварль, 30-сон

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1