“ПРОКУРОР” ВА “МХХ ХОДИМИ” БЎЛИБ ОДАМЛАРНИ ЧУВ ТУШИРГАН ФИРИБГАР ФОШ ЭТИЛДИ

ЖИНОЯТ 02.08.2016, 12:30
Теглар: Жазо, Жиноят
“ПРОКУРОР” ВА “МХХ ХОДИМИ” БЎЛИБ ОДАМЛАРНИ ЧУВ ТУШИРГАН  ФИРИБГАР ФОШ ЭТИЛДИ

Бели оғримай пул топишни одат қилган, бу йўлда ҳар қандай қабиҳлик ва фирибгарликка қўл урадиганлар афсуски орамизда бор. Бош прокуратуранинг “Ҳуқуқ” газетаси тақдим этаётган бир жиноят тафсилоти ана шундай оғирнинг остидан, енгилнинг устидан юриб мўмай пул топишни касб қилиб олган, ҳатто бу мақсади учун давлат органи, аввалига “прокуратура ходими”, кейин эса “Миллий хавфсизлик ходими” сифатида қалбаки ҳужжат тайёрлаб жиноий ҳаракатларни содир этган олтиариқлик Эгамберди Ҳожибековнинг қилмишлари ҳақида. 

Гарчи Эгамберди Ҳожибеков бир неча бор суднинг қора курсисида қилмишлари учун сўроқ қилиниб, жавобгарликка тортилган бўлса-да, тавбасига таянмай жиноий қилмишини давом эттираверди.  Ёлғонни ямламай ютиши, сувга олиб бориб суғормай келиш "усул"ларини "та- комиллаштирди". Баланд парвозга шайланган Эгамбердига Олтиариқ торлик қилиб қолди, мамлакат бўйлаб "ов"га чиқди. Қуйида жиноий тафсилотлар “қаҳрамони”нинг ана шу “ов” ҳаракатларидан айримларига тўхталамиз.

БИРИНЧИ “ОВ”: 13 МИНГ $ ЭВАЗИГА ОЗОДЛИК ВАЪДАСИ

2006 йил сентябрь ойида Янгийўл шаҳрида Худоберганга (жабрланувчиларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) ўзини прокуратура ходими "Баҳодир" деб таништириб, меҳмондорчиликда мезбоннинг Фарғона шаҳрилик таниши бўлган Мунисахоннинг наркотик модда би¬лан ушланиб қамалган поччаси Алибек Шарипжоновни қамоқдан чиқаришни ваъда қилиб, хизмат ҳақи учун ўн уч минг доллар сўрайди. “Прокуратура ходими Баҳодир”нинг сўзларига ишонган аёл аввалига бўлиб-бўлиб, 8500 АҚШ дол- лари, сўнгра пойтахтнинг Беруний даҳасида кўришиб, яна 4500 доллар берди. "Прокура¬тура ходими" аёлни шаръий никоҳлаб ҳам олди. Унинг Тошкент шаҳридаги уйида яшаб юрди. Мунисахон поччаси Алибекнинг иши судга ошганидан кейин шубҳалиниб қолди. Аммо "Баҳодир" уни тинчлантиришни ҳам уддасидан чиқди:

—  "Суд ҳукмини ўқийверсин. Қамоқхонадан олиб чиқаман". 

Аммо вилоятга "хизмат сафарига" кетганича Мунисахонга қайтиб қора- сини кўрсатмади. 

ҲОЖАТБАРОР ТАНИШЛАРДАН 250 МИНГ СЎМГА “ГУВОҲНОМА”

У шу тахлит яна бир “ов”ни амалга ошираётганда, қўлга тушиб орада яна бир бор судланиб чиқди. Озодликка чиққач, ўзини савдога уради. Бу борада унинг тинчини таъминлаш учун сохта ҳужжатлар тайёрлаб берувчи ҳожатбарорлар топилади. Уни фотоаппаратида суратга тушириб, уч кун ичида 250 минг сўм эвазига бир қарашда ҳақиқийсидан фарқлаб бўлмайдиган қалбаки гувоҳномани қўлига тутқазишди. Тошкент шаҳридаги бозордан ҳарбий китель ва шим, қалбаки гувоҳномани кўрсатиб, дўкондан полковник погонини олди. Фирибгар аввалига ўзини миллий хавфсизлик хизмати ходими "Баҳодир Эргашевич Нурмуҳаммедов", дея таништириб юрди. Кейин ўзини ўзи бошқа "лавозимга кўтарди". "Республика Ҳарбий прокуратурасида бўлим бош- лигининг ўринбосари, жазони ижро этиш муассасалари устидан назорат қилувчи "кура¬тор" бўлиб ишлайман", дея Тошкент шаҳри, вилоят ва туманларда нафақат тажрибасиз, содда, ҳатто ўқимишли, оқ-қорани таниган фуқароларнинг ҳам ишончига кириб, уларни чув тушираверди.

* * *

НАВБАТДАГИ ЎЛЖА: УМРА САФАРИ УЧУН 3 000 $

Аширжон Даллиев Ўртачирчиқ туманилик ўртоғи Давронни йўқлаб бориб, чойхонада "Нурмуҳаммедов Баҳодир Эргашевич, миллий хавфсизлик хизмати ходими" билан та¬нишади. Ана шу танишув фирибгарнинг фош этилишидаги биринчи қадам бўлган, дейиш мумкин.

* * *

"Полковник Баҳодир Нурмуҳаммедов" ҳар ойда водийдаги жазони ижро этиш муассасаларини "назорат қилгани" ташриф буюрар, Аширжон уни Қўқон шаҳрида кутиб олиб, айтганини бажо келтирарди.

Аширжон маҳалладоши Турғунбой аканинг Умра сафарига бориш масаласида ёрдам бериш учун пол¬ковник "Баҳодир ака"дан илтимос қилди. “Полковник” навбатдаги сафари чоғида Турғунбой ака билан ўғлини Аширжон ёрдамида учрашади ва улардан уч минг АҚШ доллари, отахон ва турмуш ўртоғи паспортларини олди. Бир ҳафтадан кейин яна кўришиб, Турғунбой акага арзон нархда "Isuzu" автомобилини олиб берадиган булди. Ундан бўлиб-бўлиб 37 минг АҚШ долларини олиб кетди. Бир ойдан кейин пас¬портларини қайтариб берди. Тез орада машинани олишла- рига ишонтирди. Аммо...

***

КЎЗА КУНИДА СИНДИ...

"Умра " сафари ҳам, "Isuzu" автомобили ҳам чўпчаклигига ишонч ҳосил қилган Тур¬ғунбой Саидов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза ёзди. "Полковник"нинг шериги сифатида Аширжон Даллиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди. Етказилган зарарни — 40 минг АҚШ долларини қоплагани туфайли судланувчига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. "Баҳодир Нурмуҳаммедов" олиб кетган пулларни ўз ёнидан тўлашга мажбур бўлган А.Даллиев уни қидира бошлади. "Полковник" ҳеч қаерда ишламаслиги, асли исм-фамилияси Эгамберди Ҳожибековнинг фирибгарлиги фош этилиб, иши судга оширилганини билгач, бошини чангаллади.

Суд мажлисида фирибгар ўзини МХХ ва прокуратура органлари ходими дея таништириб, жами 19 ҳолатда фуқароларнинг ишончига кириб, алдаб қўлга киритган жуда кўп миқдордаги пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборгани иқрорлиги, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди. 

Турли қиёфага кирувчи қалбаки одамга айланган, қал¬баки ҳужжат тайёрлаб фойдаланиш, пора беришга ундаш, фирибгарлик жиноятларини содир этган Э.Ҳожибековга беш йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Ундан жабрланувчиларга етказилган зарар ундириладиган бўлди.

Шарҳлар

Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Россияда вакцинадан бош тортган ходимлар жазоланмоқда

16.08.2021, 12:20

Россияда вакцинадан бош тортган ходимлар жазоланмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.Унга кўра, Россиядаги ҳар бешта компаниянинг бири коронавирусга қарши вакцина олишдан бош...
Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди

10.08.2021, 17:29

Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ хабар берди.Маълум бўлишича, Термиз тумани “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Илҳом 2021 йил 29 июнь куни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1