“Хонандалар санъат учун эмас, тўй учун ижод қилишяпти” – Озодбек Назарбеков

МАДАНИЯТ 06.08.2022, 16:42
“Хонандалар санъат учун эмас, тўй учун ижод қилишяпти” – Озодбек Назарбеков

Бироз аввал 2022 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов, Ўзбекистон халқ артисти, Навоий мукофоти совриндори Шерали Жўраев ва Абдурауф Олимов асарларидан лицензия шартномаси тузмасдан ҳар қандай шаклда ва усулда фойдаланиш тақиқланиши ҳақида маълум қилган эдик. Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда ва жамоатчилик ўртасида кескин муҳокамалар авж олди. Бу масалани жамоатчиликка батафсилроқ етказиш мақсадида кеча Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Вазир ўз нутқи давомида муаллифлик ҳуқуқининг ижтимоий, сиёсий, маданий ва ҳуқуқий тарафларига тўхталиб ўтди ва бу борадаги ўз фикрларини билдирди, дея маълум қилмоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов. 

"БИЗ ШУ АСАРЛАРИМИЗ ОРҚАЛИ “КУН КЎРАМИЗ”

“Бу бутун ер юзида ўрнатилган тартиб. Бундан ижодкорларга келадиган манфаат тўхтамаслиги керак. Биз, очиғини айтганда, шу асарларимиз орқали “кун кўрамиз”. Бугун нечта жойларда гувоҳ бўляпмиз, ижод қилиб уйсиз ўтирганлар бор, бировларнинг ижод намуналарини ижро қилиб, ўзларига уй қуриб олганлар ҳам бор”, - дея гап бошлади Озодбек Назарбеков. 

“ОРАНИ ОЧИБ ҚЎЯДИГАН ВАҚТ КЕЛДИ”

Вазир янги Санъаткор, ижодкор ва ижрочилар палатасининг ташкил этилиши билан жамоатчилик орасида ва ижтимоий тармоқларда турли бахс-мунозаралар кўтарилганига ҳам муносабат билдириб ўтди:

“Бундай бахслар табиийки, бўлади. Агар Палата ўзининг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйса, бундан кейин бу каби тушунмовчиликлар кўпаяди. Яъни орани очиб қўядиган вақт келди. Ҳар қандай ислоҳотларга киришилганда, унга қаршилар ва қўллаб-қувватловчилар бўлади. Шунинг учун бу сесканадиган нарса эмас. Мисол учун, хонанда кимнинг қўшиғини ижро қилмоқчи бўлса, унинг муаллифидан рухсат олиши ва шартнома тузиши керак бўлади. Шартнома дегани фақат пулли дегани эмас, қўшиқ эгаси билан гаплашиб олиб, уни кўндириб, келишув шартномасига имзо қўйдириб олсин ва ижро қилаверсин, марҳамат! Бу – ўша асар эгасининг – муаллифнинг ҳурматини жойига қўйиш. Фақат уларни хабардор қилишлари шарт”, - деди у.

“ХОНАНДАЛАР САНЪАТ УЧУН ЭМАС, ТЎЙ УЧУН ИЖОД ҚИЛИШЯПТИ”

Назарбеков соҳадагиларни қийнаётган нарса – ижодкорларнинг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслигида, деб ҳисоблайди. У муаллифларнинг ўзлари асарларининг юридик томонларини мустаҳкамлаб қўйишлари кераклигини, мана шу жойда жуда камчиликлар борлигини айтди. “Агар улар ўзларининг ҳуқуқларини яхши тушуниб оладиган бўлса, бу Палатанинг фаолиятига ҳам ёрдам бўлади. Палатанинг ишлаши енгиллашади. Бу шундай тизимки, агар мен ўз ижод маҳсулимдан манфаат кўрадиган бўлсам, биринчидан, мен ижодимни икки хисса кўпайтираман ва сифатли контент билан шуғуллана бошлайман. Кўпинча биз мухлиснинг талабига кўра ёки озгина моддий-техник базамизга ёрдам бўлади, дея қайсидир асарни ижро қилишни хоҳламасак ҳам, рози бўламиз. Қисқа қилиб айтганда, бугунги хонандалар кесимида айтадиган бўлсам, улар санъат учун эмас, кечирасизлар-у, улар тўй учун ижод қиляпти. Чунки тўйдан манфаат бор. Буни ҳам тўғри тушуниш керак. Шунга мослашиб ижод қилишга мажбур бўлишяпти. Лекин интеллектуал мулкдан манфаатдор бўлса, у ҳолда бошқача қарашлар билан ижод қилишни бошлашади. Етук санъат асарларини яратишга бел боғлайди”, - деди вазир. 

"БУ МАВЗУДАН ЗАДА БЎЛГАН ОДАМЛАР БОР"

У муаллифлик ҳуқуқи республикамизнинг дунё ҳамжамиятидаги имиджига ҳам 1-бўлиб таъсир қиладиган жиддий масала эканлигини урғулаб ўтди. “Кеча ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқиб чиқсам, кўп фикрлар “Ҳа, энди фалончининг қўшиғини айтган бўлса нима қилибди?” – деган фикрларга ҳам кўзим тушди. Шу ўринда ижтимоий фикрлар ҳам шаклланиши керак. Анчадан бери узил-кесил ўз ечимини кутаётган яна бир масалани узил-кесил ечиш вақти келди. Уни яна орқага ташлаб, пайсалга солиб бўлмайди. Интеллектуал мулк шунақа нарсаки, у муаллифнинг қўлига келиб тушмаётгани билан, қаердадир айланяпти. Шунинг учун мана шунинг ўзанини тўғирлаш, эгасига етиб боришни таъминлаш маъносида жуда бир ислоҳ қилиниши керак бўлган масала бу. Мен яхши биламан, гапирилавериб-гапирилавериб, бир қадам олдинга юрмасдан, ечилмасдан, ўлда-жўлда бўлиб, бу мавзудан зада бўлган одамлар бор. Лекин бу сафар тизимли ҳал қилишга бел боғлаганмиз”, - деди.

Озодбек Назарбеков борада анча дадил қадамлар ташланганини, жумладан, театрлардаги саҳна намойишларига пъесалар ёзган ижодкорларга бу йил биринчи марта жами 2.8 млрд. сўм қалам ҳақи маблағлари берилганини маълум қилиб, муаллифлик ҳуқуқи масаласида илгарига силжишлар борлигига ишора қилди.

Бироздан кейин Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг телеканал кўрсатувларига чиқадиган ижодкорлар учун гонорар бериш тизимини қайтариш ҳақидаги таклифи ва Палатанинг қаердан маблағ топиши, муаллифлик ҳуқуқи қандай ҳимояланиши, нега айнан уч нафар санъаткорлар танлаб олингани ҳақида маълумотлар берамиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1