АсосийJamiyat

Ўзбекистонда солиқ тўловчиларга 609 млрд сўмлик молиявий санкциялар қўлланилмади

'Ўзбекистонда солиқ тўловчиларга 609 млрд сўмлик молиявий санкциялар қўлланилмади'ning rasmi

Ўзбекистонда 2022 йил 1 август ҳолатига кўрилган назорат тадбирлари натижаларига кўра, 38,2 минг солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларида 3 триллион сўмлик тафовутлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, солиқ тўловчиларга йўл қўйилган хато ва номувофиқликларни ихтиёрий равишда тузатиш имконияти берилиши натижасида уларга 609 миллиард сўмлик молиявий жарималар қўлланилмаган.

Солиқ тўловчи ёки солиқ органи томонидан илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқнинг ҳисобланган суммасини камайтириб кўрсатишга (ўзгартиришга) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар ва (ёки) хатолар аниқланган бўлса, солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этади.

Текширувдан олдинги таҳлил давомида номувофиқликлар аниқланса, солиқ тўловчига шахсий кабинет орқали хабарнома ва камерал солиқ текшируви натижалари бўйича эса солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисида сўровнома юборилади.

Солиқ тўловчи биринчи ҳолатда, 10 кунлик муддатда, иккинчи ҳолатда эса 5 кун ичида аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши лозим. Президент фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди.

    Бошқа янгиликлар