Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги байрами шарафига Япониядаги фаол ватандошимиз Ҳобил Юсупов томонидан миллий байроғимиз Кунчиқар мамлакатнинг энг баланд нуқтаси – Фужи тоғи чўққисига олиб чиқилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ҳобил Юсупов Япониядаги барча ватандошларимиз номидан Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан халқимизга табрик йўллашидан, давлатимиз байроғининг Фужи тоғи чўққисида ҳилпираб туришидан мамнун эканини қайд этди.
“Мустақиллик нақадар буюк неъмат эканлигини биз теран англаймиз”, деди у.
Эслатиб ўтамиз: баландлиги 3776 метрни ташкил этадиган, Япония маданий ва диний ҳаётида алоҳида ўринга эга бўлган Фужи тоғи Кунчиқар юртнинг рамзи сифатида ҳам тилга олинади. Бу тоғ ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилган.