1

ХТВ мактаб дарсликларининг ижара нархи бўйича тушунтириш берди

ЖАМИЯТ 02.09.2022, 19:06
ХТВ мактаб дарсликларининг ижара нархи бўйича тушунтириш берди

Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилига мактаб дарсликлари тўплами учун ижара тўлови миқдори эълон қилинди.

Telegram каналларда 2022/2023 ўқув йилига мактаб дарсликлари тўплами учун ижара тўлови миқдори келтирилган сурат тарқалган бўлиб, унда дарсликлар тўплами учун ижара тўлови миқдори республика бўйича бир хил экани келтирилган.

Хусусан, 2022.2023 ўқув йили учун унинг нархи қуйидагича белгиланган:

  • умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари учун — бепул;
  • 2-синфлар учун 18 дона дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 102 700 сўм;
  • 3-синф учун 18 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 102 700 сўм;
  • 4-синф учун 12 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 68 500 сўм;
  • 5-синфлар учун 15 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 85 600 сўм;
  • 6-синф учун 13 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 74 200 сўм;
  • 7-синф учун 18 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 102 700 сўм;
  • 8-синф учун 19 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 108 400 сўм;
  • 9-синф учун 19 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 108 400 сўм;
  • 10-синф учун 18 та дарслик ва иш дафтарларидан иборат тўплам ижараси нархи — 102 700 сўм;
  • 11-синф учун 21 та дарслик ва иш дафтаридан иборат тўплам ижараси нархи — 119 800 сўм.

Халқ таълим вазирлиги дарсликларнинг ижара нархи бўйича тушунтириш берди.

Қайд этилишича, республика мақсадли китоб жамғармасининг Васийлик кенгаши дарсликлар ва машқ дафтарларининг ижара тўлови миқдорларини белгиланган. 2022 йилда Президент фармони билан умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун тўлиқ, шунингдек 2- ва 3-синф учун машқ дафтарлари, барча синфлар учун инглиз тили, немис тили ва рус тили фанларидан жами 60 миллион нусха янги авлод дарсликлари (2021 йилда 25 миллион дарслик) чоп этилмоқда.

«Жорий йилда янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60–70 фоизга ошган) ва қоғозни мамлакатимизга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши, табиийки дарсликларни чоп этиш учун ҳаражатларнинг ҳам ошиб кетишига олиб келди», — дейилади муносабатда.

Келтирилишича, ижара тўлови миқдорлари дарсликлар учун амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, бир дона дарслик учун ягона суммасини тўпламдаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтириш йўли орқали белгиланади. Бунда ягона сумма барча синф ва таълим тиллар учун бир хил этиб белгиланади. 2022.2023 ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2 740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108 фоиз) ошган.

Ижара тўлови суммасини ота-оналар дарслик тўпламини тўлиқ олгач 1 октябрга қадар амалга ошириши мумкин.

Вазирлик, шунингдек, кимлар дарслик ижара тўловидан озод этилишини эслатиб ўтган:

  • биринчи синф ўқувчилари;
  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандлари;
  • «Меҳрибонлик уй”лари тарбияланувчилари;
  • Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчилари.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1