Бугун, 5 сентябрь куни йўллардаги тирбандлик етмаганидек, автобуслар ҳамда метролар ҳам одамлар билан тўлиб-тошди.
Тошкент метрополитени ўқув йили бошидаги ҳолат юзасидан фикр билдириб, 2022 йилнинг сентябрида метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан кунига 200 мингдан ошишини маълум қилди. Тадқиқотларга кўра, бу кўрсаткич сентябрь ойида бир кунда 550-580 минг, октябрь ойида эса 600 мингга етади.
"Шу сабабли юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида пойтахт метрополитени томонидан тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда"-дейилади хабарда.
Шу билан бир қаторда, метрополитен маъмурияти йўловчиларга мурожаат билан чиқиб, бу борада йўловчиларни ҳам метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилишга чақирди.
Метродан доимий тарзда фойдаланувчи йўловчиларга эса имкон қадар тўловни банк ва транспорт карталари орқали амалга ошириш тавсия этилади.






