Ижтимоий тармоқларда "Cobalt" ҳайдовчиси ГАИ ходимини автомашина капотида сайр қилдиргани билан боғлиқ хабар тарқалди.
Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, ҳодиса Андижон шаҳрининг Миллий тикланиш ва Амир Темур шоҳ кўчалари кесишмасида содир бўлган.
Чорраҳада хизмат ўтаётган ЙПХ инспектори Бобур майдонида хизмат олиб бораётган инспекторнинг хабарига кўра "Cobalt"ни тўхтатишга уринган, ҳайдовчи олдига келиб, бир неча бор огоҳлантириш берган, бироқ ҳайдовчи бунга бўйсунмасдан ҳаракатланган.
Инспектор ўзини олиб қочишга улгурмаган. Натижада автомашинанинг олди капот қисмига осилиб қолган. Машина жойидан кескин қўзғалишиб, ўнг томонга кескин бурилган вақтида инспектор унинг капотидан сирпаниб, йиқилиб тушган.
Воқеа оқибатида инспекторнинг қўл-оёқлари жароҳатланган ҳамда жезл ва алоқа воситалари синиб, шикастланган.
Ҳодиса "қаҳрамони"нинг баёнот беришича, у мазкур ҳаракатлари машинани олиб қўйишларидан қурқиши натижасида содир қилган.
“Миср давлатида Ал-Азҳар институтида ўқийман. "ГАИ"га бўйсунмаганлигим сабаби воқеадан олдин машина ёритгичларини ўзгартирганим учун инспектор тўсиб, баённома расмийлаштирганди. Бу сафар иккинчи марта тўхтатса, машинани олиб кириб қўйиши мумкин деб бўйсунмасдан кетгандим”, — дейди ҳайдовчи.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ШХББ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, фуқаро К.В.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган.






