АсосийJinoyat

Самарқандда ҳарбий хизматга жўнатиш учун фуқаролардан пул талаб қилган мансабдорлар жазога тортилди

Жумладан, Самарқанд вилояти Пахтачи тумани мудофаа ишлари бўлимида чақирув бўлинмаси бошлиғининг катта ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган Ш.Назаров гарчи ҳарбий хизматга жўнатиш ваколати бўлмаса-да фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш учун улардан пул талаб қилиб келган. У О.Ризақуловни ҳарбий хизматга юбориш учун унинг отаси О.Ражабовдан 300 АҚШ доллари, фуқаро И.Мухторовдан уни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишини ваъда қилиб, 4 миллион 500 минг сўм пул олган, деб ёзади "Зарафшон" газетаси.

Худди шундай ҳолат Ургут тумани мудофаа ишлари бўлимида ҳам қайд этилган. Бўлимнинг чақирув бўлинмаси бошлиғининг катта ёрдамчиси З.Расулов гарчи ваколат доирасига кирмаса-да фуқаро Н.Аҳадовдан унинг ўғли М.Шариповни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишни ваъда қилиб 5 миллион 165 минг сўм, фуқаро А.Бобоқуловдан унинг ўғли М.Бахроновни ҳарбий хизматга юборишини айтиб 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритган.

Мудофаа бўлимлари фаолиятида ҳужжатларнинг қалбакилаштирилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда.  Жумладан, Булунғур тумани мудофаа ишлари бўлими сафарбарлик чақирув резерви бўлинмаси бошлиғининг катта ёрдамчиси А.Маматқулов хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи маълумотларни қалбакилаштириб келган. Мисол учун, туман мудофаа ишлари бўлими ҳисобида чақирилувчи сифатида рўйхатда турган фуқаролар Т.Нишонов, Т.Халилов ва Х.Норқуловларга хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи маълумотномаларни қалбакилаштирган ҳолда тайёрлаб берган. Туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи имзосини сохталаштирган ва муҳр қўйилиши лозим бўлган ҳужжатлар орасида қалбаки маълумотларни ҳам чалғитиш йўли билан муҳрлаттирган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан айбдорларга қонун доирасида жазо белгиланди.

Бошқа янгиликлар