Ижтимоий тармоқларда "Next Generation Product” МЧЖ, “Artel Electronics” МЧЖ компаниялари билан боғлиқ хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу компаниялар таркибига кирувчи бир нечта ишлаб чиқарувчи корхоналар юзасидан турлича талқиндаги хабарлар тарқала бошлади. Ушбу вазиятга ойдинлик киритиш ва билдирилаётган фикрларга қарата Artel' матбуот хизмати ўз расмий муносабатини эълон қилди.
Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда бу каби ҳолатлар илгари ҳам кўп кузатилган.
Қайд этилишича, "Next Generation Product” МЧЖ томонидан жорий йилнинг шу кунига қадар 15 дан ортиқ давлатга қиймати 22,0 миллион АҚШ долларлик тайёр маҳсулотлар экспорт қилинган. Бунинг натижасида қўшилган қиймат солиғидан 23,1 млрд сўм миқдоридаги манфий фарқ ўрнатилган тартибда қайтарилган.
Бу каби экспорт қилишдан хосил бўлган ҚҚСнинг манфий фарқи корхоналар: Techno Continental” МЧЖга 24,1 млрд, “Quality electronics" МЧЖга 14,1 млрд, “Quality Device” МЧЖга 12,4 млрд, “Prime Electric Engineering” МЧЖга 3,9 млрд сўм миқдорида ўрнатилган тартибда қайтарилган.
"Бу қадар" имтиёз ва преференциялардан фойдаланилган бўлишига қарамасдан, “Artel Electronics" МЧЖ корхоналар гуруҳи таркибига кирувчи ишлаб чиқарувчилар томонидан 2022 йилнинг ўзида давлат ва маҳаллий буджетга 527 млрд сўмдан ортиқ солиқ ва божхона тўловлари амалга оширилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, “Artel Electronics" МЧЖ таркибига кирувчи корхоналарга ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек махсус, алоҳида имтиёз ва преференциялар тақдим этилмаган", — демоқда Artel' матбуот хизмати.
Муносабатда айтилишича, бу каби хабарлар компания имиджига путур етказиб, уни обрўсизлаштиришга олиб келади.
"Халқаро журналистика амалиётида (бест праcтиcэс), компания ҳақида муайян бир фикр билдиришдан олдин, компания матбуот хизмати орқали компания расмий позицияни билиш ва шундан сўнг эса уни тўғри ва асосли қилиб ёритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз", — дейилади хабарда.






