АсосийJamiyat

Тошкентда ўтказилган олимпиадада юқори ўринлар пулдор ўқувчиларга берилдими?

'Тошкентда ўтказилган олимпиадада юқори ўринлар пулдор ўқувчиларга берилдими?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 12-16 октябрь кунлари Яшнобод туманида ўқувчилар ўртасида асосий фанлар олимпиадаси туман босқичи нохолис ўтганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Унга кўра, олимпиадада юқори ўринлар пулдор ўқувчиларга берилган. ХТВ вазири номига йўлланган мурожаатда ғолибларнинг билими қайта назоратда ўтказилса, барчаси аён бўлиши айтилган.

Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан тузилган Ишчи гуруҳ юқоридаги ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилди.

Унга кўра, Яшнобод туманидаги 255-сонли умумтаълим муассасасида асосий фанлар олимпиадаси II босқичида 11 та фан бўйича 33 та мактабнинг 9-11 синф ўқувчилари қатнашган.  Унда мактаб босқичида саралаб олинган  1020 нафар иқтидорлилар ўзаро билимларини синовдан ўтказишган. Туман босқичи фақат тест топшириқларидан иборат битта турда ўтказилган. Математика, физика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларида тест топшириқларини бажариш учун 90 дақиқа, қолган иккинчи гуруҳ фанларига 60 дақиқа вақт ажратилган. Жараён тўлиқ онлайн тарзида Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали ёритилган.

Қайд этилишича, туман босқичининг холислик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида уюштириш учун ташкилотчилар томонидан барча зарур чоралар кўрилган. Жумладан, ҳар бир фан бўйича олимпиада жавоблари ўша куннинг ўзида эълон қилинган. Ҳар бир аудиториядаги имтиҳон жараёнлари тўлиқ ташкилотчилар ҳамда ҳакамлар ҳайъатининг назоратида бўлиб, видеокамералар орқали кузатиб борилган. Жумладан, ҳакамлар ҳайъати ҳам ўз фаолиятини олимпиада Низомида белгиланган тартибда ташкил этган. 

Ишчи гуруҳга кўра,  ҳеч қандай нохуш ва тартиб-қоидаларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмаган ва ижтимоий тармоқда берилган хабар ўз тасдиғини топмаган деган хулосага келинган.

 

    Бошқа янгиликлар