Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Ипотека кредити бозорининг ривожлантирилиши ва кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, лойиҳа билан “Ипотека тўғрисида”ги қонунга онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказига бориш орқали гаров хатини расмийлаштириш, гаров хати билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда.
Электрон гаров хати концепциясининг жорий қилиниши гаров хатини расмийлаштириш, уни бериш, қайта молиялаш жараёнини соддалаштиради.
Бундан ташқари, гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориш орқали расмийлаштириш харажатларни камайтириш, вақтни тежаш ҳамда гаров хатидан фойдаланиш имкониятини оширади
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати берган хабарга кўра, мажлисда депутатлар томонидан лойиҳа юзасидан айрим эътирозлар билдирилган. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар айтилган. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатларнинг кўпчилик овози билан маъқулланмаган.