Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация 18-19 октябрь кунлари Тожикистон ҳукумати ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси таклифига биноан "Терроризмга қарши курашиш ва террорчилар ҳаракатланишининг олдини олиш учун чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик" мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, бугун БМТ Бош котиби ўринбосари – БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашув бўлиб ўтган.
Унда Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, жумладан, БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилингани айтилади.
Учрашув якунлари бўйича Тошкент конференцияси давомида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни ўз ичига олган ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи "Йўл харитаси" имзоланган.
Маълумотга кўра, "Йўл харитаси" юқори даражадаги қўшма тадбирларни ташкил этиш, Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашиш бўйича виртуал тармоқ яратиш, Ватанга қайтарилган фуқароларни реабилитация қилиш ва реинтеграция қилишда маҳаллалардан самарали фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ҳузурида ушбу масала бўйича минтақавий экспертлар кенгаши таъсис этиш ва бошқа тадбирларни кўзда тутади.
Хусусан, жамиятнинг барча қатламлари иштирокида бағрикенглик, динлараро ва маданиятлараро мулоқот ғоялари ва тамойилларини тарғиб қилиш мақсадида 2023 йилда БМТ шафелигида Ўзбекистонда "Маърифат ва диний бағрикенглик" мавзуида юқори даражадаги конференция ўтказилиши режалаштирилган.