Аввалроқ, Самарқандда мактаб директори ўқувчини уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ўз муносабатини билдирди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 12 октябрь куни соат тахминан 13:30 ларда Ургут тумани 61-мактабнинг 6-синфида дарс ўтаётган она тили ва адабиёт ўқитувчиси коридорда директорнинг овозини эшитгач, болалар дарсга қулоқ солмасдан пиротехника воситаларини портлатаётганлигидан шикоят қилади. Директор синфхонага кириб сўраб ўтирмасдан шу синф ўқувчиси Д.Ҳ.ни уриб кетади.
Гувоҳларнинг таъкидлашича, жабрланувчи синфдаги безориликда иштирок этмаган.
Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ўз муносабатида ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқитувчиларни ўқувчиларга бўлган агрессив муносабатларини қоралашини маълум қилган.
Маълум қилинишича, юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, Ургут туманидаги 61- умумтаълим мактабининг директори Б.Р. Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг тегишли буйруғига асосан лавозимидан озод этилган.