1

Туркий давлатлар ташкилоти саммити мамлакатлар учун нима беради?

ЖАМИЯТ 07.11.2022, 20:34
Туркий давлатлар ташкилоти саммити мамлакатлар учун нима беради?

Яқин кунларда Ўзбекистоннинг айни қизғин учрашувлар нуқтасига айланган Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтади. 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори ўринбосари, профессор Абдулазиз Расулев ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси мудири юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шоҳжаҳон Хўжаев маълумотига кўра, ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий самарасини Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин. 

Хусусан, 2021 йили Ўзбекистон ТДТ давлатлари билан 9,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида савдо операцияларини амалга оширди. Уларнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 22 фоиздан зиёдни ташкил этди. Умуман олганда, 2016 йилга нисбатан 2021 йили Ўзбекистон ва ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар ошган.

Экспертлар фикрича, ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қўйидагиларни белгилаш мақсадга мувофиқ.

  • Биринчи йўналиш – иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш. Бугунги кунда энг долзарб бўлган масалалардан бири иқтисодий масалалар саналади. Иқтисодиётни мустаҳкамлаш қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва бошқа муҳим чораларни ўз ичига олиши керак. Бу мақсад ўтган йили 8-саммитда қабул қилинган “Турк дунёси нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатига ҳам мос келади. Ушбу ҳужжат ТДТ давлатларида иқтисодий интеграцияни ҳисобга олган ҳолда фаровон жамиятларни яратиш муҳимлигини кўрсатади.

Мазкур йўналиш доирасида ТДТ ҳузурида Инвестиция фонди ва Тараққиёт банкини яратиш ғоялари ҳам истиқболли саналади. Бундай лойиҳалар мамлакатларга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва инвестицияларни янада самарали бошқариш имконини беради.

  • Иккинчи йўналиш – рақамли трансформация. Бугунги кунда рақамлаштириш ҳар қандай давлат учун ривожланишнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шунинг учун бу масала ТДТ учун энг долзарбдир. Бу йўналишдаги мақсадлар 2021 йили “Турк дунёси нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида кўрсатилган эди. Жумладан, ҳужжатда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилашга имкон берадиган минтақалараро рақамли алоқани ўрнатиш назарда тутилган.

Сунъий интеллект технологияларига алоҳида эътиборни ҳисобга олган ҳолда, бу масала доирасида ҳам ҳамкорлик қилиш керак. Хусусан, бундай технологиялардан иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш учун ҳам, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Кўпгина мутахассисларнинг фикрича, сунъий интеллект технологиялари трафикни бошқариш, логистика ва жамоат тартиби масаласини ҳал қилиши мумкин.

  • Учинчи йўналиш – маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш. Тарихан ТДТ иштирокчи мамлакатлари халқлари бир хил илдизларга эга. Шу боис маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ТДТ мамлакатлари учун алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик, академик алмашинув, қўшма маданий тадбирлар. Шу муносабат билан Туркий маданият ва санъатни биргаликда ривожлантириш ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик нуқталарини кенгайтириш лозим.

"Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ТДТ туркий тилли мамлакатларни бирлаштирган, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларига эга бўлган истиқболли минтақавий ташкилотдир. Шунинг учун ушбу ташкилотнинг барча аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар томонлама ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга, иқтисодий ўсишни оширишга ва мамлакатлар тараққиётини рағбатлантиришга хизмат қилиши мумкин", — дейди олимлар.

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1