Ўтган ҳафтада Ер юзида 2,3 миллиондан ортиқ кишига COVID-19 ташхиси қўйилган. Уларнинг қарийб 7,5 минг нафари касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботида қайд этилишича, 7-13 ноябрь кунлари коронавирусни юқтириш ҳолатлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 2 фоизга ошган. Ўлим кўрсаткичлари эса 30 фоизга камайди.
Беморлар сонининг кескин кўпайиши Ғарбий Тинч океани минтақаси (+18 фоиз), Жануби-Шарқий Осиё (+15 фоиз) ҳамда Жанубий ва Шимолий Aмерикада (+12 фоиз) қайд этилди.
Ўлим кўрсаткичларининг сезиларли камайиши асосан Aфрика (-86 фоиз), Жануби-Шарқий Осиё (-80 фоиз) ва Европада (-41 фоиз) кузатилди. Ғарбий Тинч океани (+14 фоиз) ва Шарқий Ўрта ер денгизи (+7 фоиз) минтақаси мамлакатларида аксинча, ўсиш динамикаси аниқланди.
Ўтган ҳафтада энг кўп беморлар рўйхатга олинган мамлакатлар:
Япония — 503 766,
Жанубий Корея — 355 990,
AҚШ — 281 955,
Германия — 184 987,
Хитой — 171 745.
Энг кўп ўлим ҳолатлари қайд этилган давлатлар:
АҚШ — 2 323,
Япония — 552,
Россия — 436,
Хитой — 410,
Франция — 390.






