Кеча, 7 сентябрь куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия шахарчасида Ўзбекистон байроғини кўтаришга бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари, ХV ёзги Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси ва Рио-де-Жанейро мэрияси вакиллари иштирок этишди, дея маълум қилмоқда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати.
Олимпия ва Паралимпия шахарчаси мэри, баскетбол бўйича Бразилия термаси таркибида жаҳон чемпионлигига эришган Жанет дус Сантуш Аркаин хоним Ўзбекистон делегациясини Паралимпиадага ташрифи билан қутлаб, уларга бўлғуси мусобақаларда омад ёр бўлишини тилади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Умид Ахмаджонов Олимпия ва Паралимпия шаҳарчаси мэрига миннатдорчилик билдириб, унга делегация номидан совғаларни тақдим этди.
XV Паралимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими Тошкент вақти билан бугун, 8 сентябрь тонгида бўлиб ўтди.





