1

Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирус билан касалланганлар сонининг ортиш сабаби маълум қилинди (видео)

ЖАМИЯТ 23.11.2022, 18:18
Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирус билан касалланганлар сонининг ортиш сабаби маълум қилинди (видео)

 Жорий йил 23 ноябрь ҳолатига коронавирус билан касалланганлар сони 245 665 нафарни ташкил этиб, улардан 243 234 нафари (99,1 фоиз) соғайган, 1 637 нафари (0,6 фоиз) вафот этган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.


        Сўнги 7 кунликда стационарга ётқизилган беморлар сони 482 нафарни, даволаниб чиққанлар сони 358 нафарни, карантинга олинганлар 2 310 нафарни ва карантиндан чиқарилганлар 1 306 нафарни ташкил этди. 
        Ҳозирда COVID-19 ни даволашга ихтисослашган шифохоналарда 539 нафар беморлар қолмоқда, уй шароитида даволанаётганлар эса 187 нафарни ташкил этмоқда.
        Сўнги 14 кунлик таҳлилда касалликнинг тарқалганлик даражаси 2,0 ни (ЖССТ экспертлари хулосасига кўра бу кўрсаткич 1,0 гача бўлса вазият барқарорлигини англатади) ташкил этмоқда.
        Рўйхатга олинган касалликларнинг ёшма-ёш таҳлили: 0-14 ёшгача бўлганлар 12,5 %ни, 15-19 ёшдагилар 2,1 %ни, 20-29 ёшдагилар 37,5%ни, 30-39 ёшдагилар 15,6 %ни, 40-49 ёшдагилар 11,5 %ни, 50-59 ёшдагилар 9,3 %ни, 60 ёш ва катталар 11,5 %ни ташкил этди.
        Республикамизда вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган сўнги таҳлилларнинг 100,0 фоизида “омикрон” штаммининг “Stealth-Omicron” BA.5 варианти аниқланган.
        Ўзбекистон Республикасида ҳам грипп ва ўткир респиратор инфекциялар 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида коронавирус инфекцияси билан микс-инфекция касаллиги сифатида, айнан эмланмаган аҳоли ҳамда сурункали касалликлари мавжуд бўлган фуқаролар ўртасида қайд этилиши кузатилмоқда.
        Эмлаш тадбирлари учун жами 73,0 млн доза вакцина (45,4 млн доза олиб келинган, 27,6 млн доза ишлаб чиқарилган) олиб келинди ва ишлаб чиқарилди.
        2022 йил 22 ноябрга қадар жами 72,3 млн доза вакцина ишлатилди. Биринчи доза билан эмланиш кўрсаткичи эмланиши режалаштирилган қатламга нисбатан 99,3 фоизни, тўлиқ босқичларда эмланиш кўрсаткичи эса 82,3 фоизни ташкил қилмоқда.
        Шунингдек, бустер доза билан эмланганлар – 16,9 млн нафарни (режага нисбатан – 78,9 фоиз) ташкил этмоқда.
        Санитария-эпидемиология хизмати томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилмоқда ва эпидемик вазият тўлиқ назорат остига олинган бўлиб:
       - Қоақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология хизмати ва ҳудудий бошқармаларида коронавирус, грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланишни олдини олиш ва қарши курашиш чора-тадбирларини амалга ошириш штаблари фаолияти йўлга қўйилди;
       - соғлиқни сақлаш тизимида мехнат қилиб келаётган олимлар ва юқори малакали мутахассислар томонидан коронавирус инфекциясининг хозирги вақтда тарқалаётган штаммларининг хусусиятлари ва унга қарши эхтиёт чоралари юзасидан мақолалари, радио-телевидения орқали чиқишлари ташкил қилинди; 

      - бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолларда бемор билан мулоқотда бўлганлар билан ишлаш тизими, карантинга олинган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларининг кунлик тиббий назорати кучайтирилди; 
       - ҳудудларда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун шифохоналар хатловдан ўтказилиб, тиббий ускуналар ва дори-воситaлари заҳираси шакллантирилди;
       - коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни тасҳислаш, даволаш ва профилактикаси юзасидан тиббиёт ходимларининг хушёрлиги оширилди; 
       - оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ўртасида грипп ва ўткир респиратор касaлликларини тарқалишини олдини олиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари кучайтирилди;
       - республикада коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишлари жадаллаштирилди;
       - омавий тадбирлар ва йиғилишларни ўтказилишини камайтириш тавсия этилди; 
       - ёпиқ биноларда тиббий ниқоблардан фойдаланиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирларини аҳамияти юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.
  Касаллик қандай бўлишидан қатъий назар, инсон саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий путур етказади. Шу боис, ўз соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, турли юқумли ва мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлайлик. Унутманг, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1