АсосийJamiyat

Композитор Мутал Бурҳонов ҳақида хужжатли фильм суратга олинди

Республика Киночилар уйида Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Ватанимиз мадҳияси муаллифи, композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Мутал Бурҳонов миллий мусиқа санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган, турли жанрларда бадиий етук асарлар яратган серқирра ижодкордир. У ўзбек бастакорлик ижодиётида романс, акапелла жанрининг асосчиларидан бири бўлиб, Шарқ халқлари қўшиқларини маҳорат билан миллий мусиқамизнинг нафислиги ва жозибасини сақлаган ҳолда қайта ишлашга муваффақ бўлган. 

Буюк композитор хотирасини абадийлаштириш, келажак авлодларга ундан қолган бой маънавий меросни етказиш, халқимизга композитор ҳаёти ва ижоди ҳақида кенгроқ маълумот бериш мақсадида «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноан «Оҳангларда яшайман ҳамон» номли хужжатли фильм суратга олинди. Сценарий муаллифи Дилдора Мардиева, постановкачи режиссёр Адҳам Усмонов. 

Тадбирда мазкур кино асарнинг тақдимоти бўлди, Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг концерти намойиш этилди. Концертда Женисбек Пиязов, Маъсума Болтабоева, Хадича Имомназарова, Рустам Алимардонов каби санъаткорлар томонидан ижодкорнинг халқимиз қалбидан жой олган асарлари ижро этилди.

Бошқа янгиликлар