1

Дунёдаги энг "қалин", энг “кенжа” ва “отахон” Конституциялар ҳамда "ёзилган" ва "ёзилмаган" Бош қомуслар

ЖАМИЯТ 08.12.2022, 16:17
Дунёдаги энг "қалин", энг “кенжа” ва “отахон” Конституциялар ҳамда "ёзилган" ва "ёзилмаган" Бош қомуслар

Конституция сўзи кенг тарқалган халқаро термин бўлсада, бош қонунни номлашда айрим давлатлар ўз миллийликларини сақлаб қолишган. 

Хусусан, 1949 йил 23 майда қабул қилинган "Grundgesetz" Германия Федератив Республикасининг Конституцияси ҳисобланади. 

1982 йилда қабул қилинган, муқаддимаси “Турк ватани ва миллатининг абадий мавжудлигини ҳамда юксак турк давлатининг ажралмас бирлигини тасдиқлаган ушбу Конституция” дея бошланган "Türkiye Cumhuriyeti Anayasası"(Туркия Республикаси Конституцияси) Туркиянинг асосий қонунидир.

"Bhāratīya Saṃvidhāna" Ҳиндистоннинг олий қонуни (Конституцияси) бўлиб, у 73 йил олдин қабул қилинган. Конституциянинг ҳажми жуда катта (400 саҳифадан кўпроқ) эканлиги бу унинг асосий муаммосидир. Мана неча йилдирки ОАВда ҳинд мактабларида болаларга давлат Конституциясини қандай қилиб ўргатиш мумкинлиги тўғрисидаги бахслар тинганича йўқ.

"Suomen perustuslaki" (Финляндия Конституцияси) 1917 йилда Финляндия ўз мустақиллигини эълон қилганидан икки йил ўтиб қабул қилинган Финляндиянинг олий ҳужжатдир. Айни дамда амалда бўлиб турган Финляндия Конституцияси 2000 йил 1 мартда кучга кирган.

Энг “кенжа” ва “отахон” Конституциялар

Айни пайтда амалда бўлиб турган конституциялар ичида энг ёши каттаcи бу АҚШ Конституциясидир. У бундан 234 йил муқаддам, 1788 йилнинг 21 июнида қабул қилиган бўлиб, шу кунга қадар 27 марта ўзгартириш киритилганОхирги ўзгартириш 1992 йилда киритилган бўлиб, унга кўра Конгресс аъзоларининг иш ҳақини ошириш ёки камайтиришни назарда тутувчи ҳар қандай қонун кейинги сайловларгача кучга кирмайди.

Aмалдаги конституциялар орасида энг “кенжаси” бу Куба Конституцияси бўлиб, 2019 йилда кучга кирган. Ушбу конституция 12,893 та сўз ёки жами 229 та моддадан иборат.

Ҳажми жиҳатидан дунёдаги энг катта Конституция бу Ҳиндистон Конституциясидир. Конституциянинг асл матни 22 қисм, 448 та модда ва саккизта жадвалдан иборат. 1950 йил 26 январда қабул қилинганидан то шу кунга қадар унга 105 марта ўзгартиришлар киритилган.

Энг кичкина конституция 1962 йилда қабул қилинган ва ҳалигача амалда бўлган Монако Конституцияси бўлиб, у 3,814 та сўз ёки 97 та моддадан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси эса муқаддима, олти бўлим, 26 та боб ва 128 та моддадан ёки 7,586 та сўздан иборат. 

“Ёзилган” ва “ёзилмаган” Конституциялар

Ёзилган Конституция деганда бирор бир давлатда энг олий юридик кучга эга бўлган, тизимлаштирилган қоидаларни ўзида акс эттирган ягона ҳужжат тушунилади. Масалан, АҚШ, Германия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа кўплаб давлатларнинг Конституциялари ёзилган Конституциялар ҳисобланади. 

Шу билан бир қаторда айрим ҳуқуқшунос олимлар ёзилмаган Конституция атамасидан ҳам фойдаланишади. Ёзилмаган Конституция деганда қоғозда ёзма шаклда ўз аксини топмасдан, оғзаки шаклда баён этилган Конституцияларни тушанмаслик керак. Бу ўринда “ёзилмаган” сўзи давлатдаги асосий қоидаларнинг ягона Конституция кўринишидаги ҳужжатга бирлаштирилмасдан, балки тарқоқ ҳолдаги қонунлар шаклида амалда бўлишини англатади. Дунёда бундай давлатлар сони у қадар кўп бўлмасада, бироқ улар мавжуд.

Хусусан, Буюк Британияда ягона Конституция мавжуд эмас. Қиролликда 300 га яқин норматив ҳарактердаги ҳужжатлар Конституция вазифасини бажариб келмоқда.

Янги Зеландияда ҳам ягона Конституция ҳужжати йўқ. 1986 йилги Конституция акти, Парламент актлари ва суд қарорлари "ёзилмаган конституция" вазифасини бажаради.

Канадада 1982 йилги Канада қонуни, 1867 йилги Конституция тўғрисидаги қонун, уларга киритилган тузатишлар ва 1982 йил Конституциявий қонуннинг 52 (2) бўлимида келтирилган актлар 
ва буйруқлар Конституция вазифасини бажаради.

Исроил 1950 йил 30 июндаги Ҳарари қароридан бери ёзма конституциясиз ишламоқда. Мамлакатда 1948 йилда мустақиллик эълон қилинганидан бери расмий ёзма конституцияга эга бўлишга бир неча бор уринишлар бўлган, аммо ушбу уринишлар самара бермаган. Ҳозирги вақтда Исроилда ярим конституциявий мақомга эга бўлган асосий қонунлар тизими ривожланмоқда.

Саудия Арабистонда асосий қонун сифатида Қуръони Карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг суннатлари амал қилади. Ҳукмдорлар томонидан чиқарилган қироллик фармонлари интеллектуал мулк ва корпоратив қонунлар каби замонавий масалаларни ҳал қилади. 

Бектурсун Муродқосимов, ҳуқуқшунос. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1