Бугун, 13 декабр куни Фарғона вилоятида, жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Олимжон Ҳайдаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланди.
Суд қарори билан блогер юқорида моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга бир неча ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўллаш тартибида БҲМнинг 70 баравари – 21 млн сўм миқдорида жарима жазоси белгиланди.
Kun.uz мухбири билан гаплашган Олимжон Ҳайдаров суд ҳукмидан норози эканини билдириб, юқори турувчи судга аппеляция шикояти беришини маълум қилди.
Ўтган ҳафталарда ҳаво ҳарорати совиб кетгач, хонадонлар ва ижтимоий объектларга устуворлик бериш мақсадида саноат корхоналари табиий газдан узилган эди. Ҳайдаров Ўзбекистон туманидаги корхоналар газдан узилиши оқибатида “10 минглаб аҳоли” ишсиз қолаётгани, улар қаторида бўлган “Албус” гипс заводи ишчилари газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишаётган ҳақида 6 декабр куни видео тарқатган.






