Андижон ва Навоий вилоятларида табиий газ тармоғига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Хусусан, департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида "Ҳудудгаз Андижон" газ таъминоти Андижон шаҳар бўлими мансабдор шахслари хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарагани оқибатида "Э.Б." ва "М.М." МЧЖлар томонидан табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, оҳак ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғуллангани аниқланган. Улар ўз фаолияти давомида давлат ва жамият манфаатларига 2,1 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланган.
Шунингдек, департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан ҳам терговга қадар текширув ўтказилган. Унда "Б.Э." МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида табиий газ сарфини ҳисоблаш ускунаси текшириш методикаси талабларига жавоб бермаслиги, босим каналидаги кўрсаткичлар нотўғри ишлаб келгани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,5 миллиард сўм зарар етказилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






