Аввалроқ, Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари Бош прокуратурадан оммавий тартибсизликларни содир бўлишида айбдор сифатида ҳибсга олинган 516 нафар фуқаро, ҳозирда иши судда кўриб чиқилаётган 22 нафар айбланувчи, ёпиқ муассасаларда вақтинча ушлаб турилган бошқа шахслар, маъмурий жавобгарликка тортилганлар, шунингдек, тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот беришини сўрагани ҳақида хабар берган эдик.
Бош прокуратура томонидан суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний маълумотлар ва тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар очиқланди.
Унга кўра, Қорақалпоғистонда 1—2 июль кунлари оммавий тартибсизликлар содир этилгани ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 нафар шахс айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.
Оммавий тартибсизликлар юзасидан дастлаб 516 нафар шахс ушланган бўлиб, шундан 5 нафарига нисбатан уй қамоғи ҳамда 166 нафарига нисбатан Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятлари учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган, қолган ҳуқуқбузарларга нисбатан эса суд томонидан маъмурий жавобгарлик доирасида қамоқ жазоси тайинланган.
Қорақалпоғистонда 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича мустақил комиссиянинг, кенг жамоатчиликнинг сўрови ва кафиллиги ҳамда депутатлик корпусининг жамоатчилик назоратига олишга рухсат бериш юзасидан киритган илтимосномалари инобатга олиниб, қамоққа олинган 107 нафар айбланувчига нисбатан қўлланган эҳтиёт чоралари ўзгартирилиб, уларнинг 10 нафарига уй қамоғи ва 97 нафарига жамоа кафиллиги эҳтиёт чоралари қўлланган ва қамоқдан озод қилинган.
Шунингдек, кейинги тергов давомида уй қамоғида сақланаётган 14 нафар айбланувчига нисбатан ҳам эҳтиёт чораси жамоа кафиллигига ўзгартирилган. Айни вақтда жиноят ишининг 22 нафар шахсга оид бўлган қисми (20 нафарига қамоқ, 1 нафарига жамоа кафиллиги ва 1 нафар уй қамоғи қўлланган) айблов хулосаси билан тамомланиб, судга юборилган, қолган айбланувчилар ва бошқа ҳолатлар юзасидан жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган.
Ҳозирда алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланмоқда, иш бўйича 39 нафар айбланувчи қамоқда сақланмоқда.






