Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Эронни аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи асосий ташкилотдан четлатди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг йигирма тўққиз аъзоси 14 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари томонидан таклиф этилган «Эрон Ислом Республикасини 2022-2026 йиллардаги муддат давомида Аёллар мақоми бўйича комиссия таркибидан зудлик билан чиқариб ташлаш тўғрисида»ги резолюцияни ёқлаб овоз берган.
Саккиз аъзо давлат резолюцияга қарши овоз берган бўлса, 16 нафари бетараф қолган.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд чоршанба куни кенгашда нутқ сўзлаб, «аёллар ва фаоллар бизга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилишди», — деди.
«Улар бизга ўз илтимосларини баланд овозда айтдилар: Эронни Аёллар мақоми бўйича комиссиядан чиқариб ташланг»
«Сабаби аниқ. Комиссия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гендер тенглигини тарғиб қилиш ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича асосий органидир. Ичкаридан бузилса, у ўзининг муҳим ишини бажара олмайди. Эроннинг айни дамдаги аъзолиги Комиссиянинг ишончига ёмон доғдир», — дея қўшимча қилди Томас-Гринфилд.
Эрон АҚШ резолюциясини қоралаб, уни «ноқонуний талаб» деб атаган ва БМТда қонун устуворлигини заифлаштираётганини таъкидлаган.
Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Амир Саид Ирванининг айтишича, Эронни четлатиш тўғрисидаги резолюция «асоссиз даъволар ва сохта чўпчаклардан фойдаланган ҳолда тўқилган далиллар» асосида яратилган.
Эрон апрель ойида ушбу органга сайланганидан сўнг, глобал миқёсда гендер тенглигини ҳимоя қилиш учун яратилган 45 аъзолик Аёллар мақоми бўйича комиссиянинг тўрт йиллик ваколатини эндигина бошлаган эди.
Охирги ойларда мамлакатда 22 ёшли Маҳса Аминининг сентябрь ойидаги ўлими сабаб оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Маълумот учун, 22 ёшли ушбу курд аёли мамлакат ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни «нотўғри ўрагани» учун ҳибсга олинган ва шундан сўнг унинг жасади ҳибсхонадан чиққанди. Полиция унинг ўлимидаги иштирокини рад этиб келган бўлса-да, мамлакат фаоллари ушбу воқеада айнан шу идорани айблаб келган. Маҳса Амини воқеаси нафақат Эронда, балки бошқа мамлакатларда ҳам бир қатор намойишларга сабаб бўлди.
Эрондаги аёллар ҳуқуқлари талаби бўйича намойишлар кўп ҳолларда давлатнинг жорий режимига қарши ҳаракатлар билан уйғунлашиб кетган, намойишлар тўлқини кучайиши натижасида мамлакатда ахлоқ полицияси фаолияти тугатилганди.
Эроннинг БМТдаги делегациясининг яна бир вакили ушбу резолюцияга нисбатан муносабат билдириб, «Менинг делегациям аёллар ҳуқуқларининг ҳар қандай сиёсийлаштирилишини қоралайди ва хусусан АҚШ ва Европа Иттифоқининг айрим аъзолари томонидан илгари сурилган барча айбловларни рад этади», — деб айтган.
У, шунингдек, Эроннинг «бой маданияти ва мустаҳкам конституцияси» асосидаги «аёллар ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини» таърифлаган.
«Эрон ўз аёллари ва қизларининг эҳтиёжларини инобатга оладиган, уларнинг овозини иштиёқ билан тинглайдиган, ўз аёллари ва қизлари учун улар билан бирга яхшироқ келажак сари интиладиган илғор жамиятдир», — дейди у.
2021 йил март ойида эълон қилинган БМТ ҳисоботида эронлик аёллар ва қизларга «иккинчи даражали фуқаролар»дек муносабатда бўлишлари тасвирланган. Ҳисоботда 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган хотин-қизлар иштирокида кенг тарқалган эрта турмушга чиқиш, оиладаги зўравонликдан ҳимоянинг заифлиги, аёллар учун ҳуқуқий автономиянинг йўқлиги ва бошқа масалалар тилга олинган.
«Эрон қонунчилиги ва амалиётида очиқ-ойдин дискриминация мавжуд бўлиб, у ўзгариши керак. Эронлик аёлларнинг ҳуқуқлари ҳаётининг бир қанча жабҳаларида, жумладан, турмуш қуриш, ажрашиш, ишга жойлашиш ва маданият соҳасида чекланади ёки эрлари, отаси, васийларининг рухсатига муҳтож бўлиб, уларни мустақиллик ва инсоний қадр-қимматдан маҳрум қилади. Бу тузилмалар мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ва ҳозир ислоҳ қилиниши керак», — деган ўша пайтда ҳисобот муаллифи Жаваид Реҳман.
Бир неча ой давом этган норозилик намойишларидан сўнг, декабрь ойи бошида Эрон бош прокурори Муҳаммад Жафар Монтазери мамлакат парламенти ва суд тизими аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб ўрашини талаб қилувчи қонунни қайта кўриб чиқаётганини айтган.
Аммо 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин кучга кирган қонунга қандай ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай тушунтириш берилмаган.