АсосийSport

Qatar-2022. Kубок кимга насиб этади? (видео)

'Qatar-2022. Kубок кимга насиб этади? (видео)'ning rasmi

Хабарингиз бор бугун Аргентина ва Франция Қатарда бўлиб ўтаётган мусобақага "нуқта қўйишади". Охирги маротаба Россия яшил майдонларида курашганда Франция 4-3 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Орадан 4 йил ўтиб бу терма жамоалар финалда "учрашмоқда". Хўш, қайси миллий терма жамоанинг ғалаба қозониш эҳтимоли юқори? "darakchi.uz" айни шу мавзуда мутахассислар фикри билан ўртоқлашди.

- Аргентина - Франция. Финалда қайси терма жамоанинг имкониятларини юқорироқ баҳолаябсиз?

Футбол шарҳловчиси Мурод Ризаев:

"Аргентина ва Франция ўртасидаги муросасиз кечадиган финални кутяпман. 2018 йил бу терма жамоалар Жаҳон чемпионатида куч синашган. Ўшанда ҳам муросасиз кечган. 4-3 ҳисобида Франция ғалаба қозонган. Франция деярли ўша таркибни сақлаб қолган, Аргентинада бироз ёшарган таркиб. Лекин, кўряпмиз жанговарлик руҳияти бор ва Аргентина  ўша саралашдаги, "Copa America"даги барча ўйинларини, деярли барча ўйинларини кузатиб бордим. Месси билан, Мессисиз ўйнаган ўйинлари, "финалиссима"ни ўзим шарҳлагандим. Шу боис ҳам Аргентина терма жамоаси ҳақида мен кўпроқ маълумот бероламан ва ўйинчиларини "ҳис қиламан". Шу боис ҳам бу чемпионатда бошидан Аргентина терма жамоасининг имкониятларини юқорироқ баҳолаганман. Лекин, таъкидлаб ўтганимдек , Францияда деярли ўша чемпион бўлган таркиб. Мбаппе ҳам бўлган ўша мусобақада. Ҳозир унинг энг "гуллаган" даври, бир ўзи кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Қолаверса ҳозир Гризманн марказда зўр ўйнаяпти.  

Бир нарса бизни янглиштириши, иккилантириши мумкин, Франция финалга ўзининг энг кучли таркиби билан тушоладими ёки йўқми? Чунки ҳозир етакчи футболчиларнинг соғлиги билан боғлиқ баъзи хабарлар чиқяпти. Бенземани чақиришган. Балки томоша қилишгадир, бу ҳам ҳали аниқмас. Охирги турда барибир Бенземани туширмаса керак...  

Агар Франция терма жамоаси ўзининг кучли таркиби билан, соғлом тарзда етиб келса Аргентинага жудаям қийин бўлади.  

Лекин, Месси фактори бор, у ҳам ўйинни ҳал қилиб қўйиши мумкин.  

Жуда қийин тахмин қилиш. Қайси бир терма жамоа ўзининг ўйинини рақибга "сингдирса"  ўша терма жамоада устунлик бўлади.  

Энди, Мбаппе фактори, Месси фактори билан ҳисоблайдиган бўлсак дуранг натижа билан якунланиши ҳам мумкин. Балки пенальтилар сериясигача ҳам етиб бориши мумкин. Пенальтилар сериясида биласиз омад..."

 

Футбол шарҳловчиси Ҳасан Турдиалиев:

"Ўзи шарҳловчи тахмин қилиши унчалик ҳам тўғри эмас, лекин "тарозига ташлаб" айтадиган бўлсам Аргентинанинг имкониятларини юқорироқ баҳолаябман. Сабаби, ҳозир уларнинг хоҳиши, мотивацияси жуда юқори. Франция барибир чемпион бўлган жамоа. Чемпион бўлган жамоадан кўра чемпионликни хоҳлаётган жамоа икки ҳисса кўпроқ мотивация, иштиёқ билан ўйнайди. Бундан ташқари ҳозир жамоа анча жипслашди. Мураббий ҳам, футболчилар ҳам нафақат ватан учун, балки Месси учун ўйнаётганлиги ўз интервьюсида ҳам айтишмоқда. Бу жуда катта куч беради.

Таркибан олиб қараганда Франция деб айтган бўлардим, лекин французларда камчиликларни Марокаш кўрсатиб берди. Бундай вазиятлар Месси, Ди Мария ёки Лаутаро бўладими, фойдаланиб кетади бундай вазиятлардан. Фақат марокашга шундай "қотил ҳужумчилар" етишмади. Шу учун Франциянинг ҳимоясидан унчалик кўнглим тўлмади.

Барибир 50 га 50, балки 55 га 45, деб Аргентинанинг имкониятларини юқорироқ баҳолашимиз мумкин. Мени фикрим ярим финалдан кейин ўзгарди. Франциянинг имкониятлари юқорироқ деб ўйлаётгандим.  

Ва яна бир нарсани қўшимча қилардим, йўқотишлар. Чиқаётган хабарларга қараганда францияликлар шамолламоқда ва уларнинг ҳаммаси ҳимоя чизиғида ўйнайдиганлар. Улар агар тушган тақдирида ҳам яхши формада тушмаса бу Франция учун жуда катта йўқотиш бўлади".

 

Якунланаётган мундиалда қайси терма жамоа ёрқин таассурот қолдирди?

Футбол шарҳловчиси Мурод Ризаев:

"Бу сўзсиз Марокаш терма жамоаси. Чунки мен Марокашни бунчалик юқори баҳоламаган эдим. Ҳаттоки Испания терма жамоаси билан бўлган ўйинда ҳам мен Марокашни ютса керак, деб айтгандим. Чунки Испания тўпни рақибга бермай ўйнайдиган жамоа. Лекин тахминимиз ўзини оқламади. Яққол фаворит деб ҳисобланган Испания Марокашдан "ўтолмади".  Пенальтилар сериясида Марокаш ютиб кетди.  

Оналари билан келган футболчилар, ютқазган пайтида ҳам ўзларини яхши тарафларини кўрсатишмоқда. Жуда тартибли ва жуда ақлли терма жамоа.  

Футболчилар ҳам маънан, ҳам руҳан баҳсларга яхши тайёргарлик кўришган. Гуруҳ босқичида 1 та гол ўтказиб юборди. Бу ҳам бўлса футболчининг кичик хатоси сабаб автогол бўлди. Бундан ташқари Испанияни ютиш, Португалияни ютиш бу ўз-ўзидан эмас.  

Биринчи навбатда марокаш ва ҳайрон қолдирди деб Германияни айтоламан. Германияда зўр авлод етишиб чиққан.  

Ўзи мураббийлар баланс сақлаб, кучини тежаб захира кучи билан ўйнайди ва босқичма-босқич кучаяди. Ўша нарса Германияда муваффақиятли чиқмади.  

 

Футбол шарҳловчиси Ҳасан Турдиалиев:

"Бу Марокаш. Ўзи мен Марокашдан кўп нарса кутгандим. Кўрсатув тайёрлаш жараёнида уларни  

"босиб ўтган йўллари"ни кўриб чиқдим. Ўзимда қандайдир "симпатия" пайдо бўлди бу терма жамоага ва ростдан ҳам "сенсация" қилишини кутгандим.

Манзаравий интервьюсида: Биз ҳали ҳаммага "сенсация" бўламиз, деган. Ишонч билан айтган, ҳазиломуз эмас. Ростдан ҳам амалда шундай бўлиб чиқди. У шунчалар мослашувчан жамоа эканки жойи келганда "биринчи рақамли" жамоа бўлиб ўйнаб кетяпти, жойи келса ҳимояланапти.  

Ҳатто Франция билан ўйинда қўридик ўйин тарафлама Франциядан яхшироқ таассурот қолдирди".

 

Ўзбекистон МТЖнинг 2026-йилги Жаҳон чемпионатига чиқиш эҳтимоли қандай?

Футбол шарҳловчиси Мурод Ризаев:

Чиқиш эҳтимоли жуда юқори. Чунки, маълумотларга қараганда кейинги мусобақада 48 та терма жамоа бўлади ва Осиёликларга кўпроқ ўрин берилади. Мен Ўзбекистонни Осиёда 3 ёки 4 терма жамоалардан деб ҳисоблайман. Фақат шу Абрамов Саудия Арабистони билан бўлган баҳсда қандайдир нотўғри тактика қўллади деб ўйлайман. Чунки, Саудияни биз кўрдик, Аргентинани ютди. Қолган икки ўйинда ҳам зўр ўйнашди. Осиё қитъаси шарафини муносиб ҳимоя қилди.  

Саудия билан Ўзбекистон ўйини яхши эслайман, шу ўйинни ўзим шарҳлагандим. 2 - 0 ҳисобида биз олдинда бўлганмиз. Охирида мувозанат йўқолгандан сўнг ғалабани қўлга чиқарганмиз.  

Ўшанда агар биз Саудияни ютганимизда балки биз ҳам чиқишимиз мумкин эди.  

Мен ишонаман, 2026 йил Ўзбекистон МТЖси Жаҳон чемпионатига илк бор чиқишига.

Футбол шарҳловчиси Ҳасан Турдиалиев:

Буни эҳтимоли катта, чунки формат ҳам ўзгаради. Умид қиламиз, чиқади бу сафар.  

Ҳозир яхши авлод етишиб чиқяпти. Шомуродов ҳам энг кучга тўлган пайти бўлади. Фақат, тўғри ёндашилса, мана ҳозир кўряпмиз  Катанец ҳам ҳужумкорликни анча оширди. Бир мураббийга охиригача ишониб, потенциалини билиб олишимиз керак-да.  

Мисол учун Куперни ҳам жамоа энди шаклланаётганда кетказиб юборишди. Шундай бўлмаса Жаҳон чемпионатига чиқамиз деб ўйлайман".

Маълумот учун, финал Тошкент вақти билан 20:00 да “Лусайл” стадиони бошланади. Уни польшалик Шимон Марчиняк бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Аргентина 5 та финалнинг 2 тасида (1978, 1986) муваффақият қозонган, французлар эса 3 та та финалнинг 2 тасида (1998, 2018) зафар қучган. Шунингдек, “уч ранглилар” 2 та бронза (1958, 1986) ва бир бор кучли тўртликдан (1982) жой олган.

Эслатиб ўтамиз, Аргентина ҳамда Франция ўзаро 13 маротаба тўқнаш келган. Улардан 7 тасида жанубий америкаликлар, 3 тасида европаликларнинг қўли баланд келган. Қолган уч баҳсда дуранглар қайд этилган.

Ойбек Шукуров

    Бошқа янгиликлар