АсосийДунё

Британия Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради

Бу маблағ Украинага қурол-яроғ ва ҳарбий техника таъмири учун ажратилган.

'Британия Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради'ning rasmi

Буюк Британия Россия активлари ҳисобига кафолатланган G7 қарзи доирасида Украинага қурол-яроғ ва ҳарбий техника таъмири учун 3 миллиард доллар ажратади.

Украина Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Киев ва Лондон "Фавқулодда даромадларни жадаллаштириш ташаббуси" (ERA) доирасида музлатилган Россия активларидан олинадиган 3 миллиард доллар миқдоридаги даромадларни Украина армияси ва мудофаа саноати эҳтиёжларини қоплаш учун йўналтириш бўйича келишувга эришди.

G7’нинг умумий қиймати 50 миллиард доллар бўлган ERA механизми Украинага қарз берилишига асосланади; бу қарзлар кейинчалик музлатилган Россия активларидан олинадиган фойда ҳисобига қайтарилади.

Буюк Британия G7’нинг ушбу ташаббуси доирасида Украинага 2,26 миллиард фунт (тахминан 3 миллиард доллар) миқдорида кредит ажратишни ваъда қилган бўлиб, бу маблағ уч қисмга бўлинган ҳолда тўланади. Украина биринчи тўловни — 752 миллион фунт (970 миллион доллар) — 7 март куни қабул қилган.

Баёнотга кўра, ушбу маблағлар чет элда ишлаб чиқарилган мудофаа маҳсулотларини сотиб олиш, ҳарбий техника таъмири ва унга хизмат кўрсатиш, украиналик ва халқаро мудофаа компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда муҳим материаллар, жумладан, маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш учун ишлатилади.

"Украина корхоналарида 35 миллиард долларлик ишлаб чиқариш қуввати мавжуд, аммо молиявий таъминот боис бу имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти", — деди Украина Стратегик тармоқлар бўйича вазир ўринбосари Давид Алоян.

"Шунинг учун музлатилган Россия активларидан ортиқча фойдани жалб қилиш Украина мудофаа саноатида ишлаб чиқариш ва таъмирлаш салоҳиятини кескин оширади."
2022 йилда Россия тўлиқ ҳажмда Украинага босқин уюштирганидан сўнг, G7 давлатлари Россиянинг тахминан 300 миллиард долларлик давлат активларини музлатган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи асосий қўллаб-қувватловчиларидан бўлган ERA ташаббуси айнан шу музлатилган активлардан олинадиган фойдани Украина мудофааси ва тикланиши учун йўналтиришни кўзда тутади.

                                                                                                                                                   Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар