АсосийЖамият

Шавкат Мирзиёев Азимбой Саъдуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллади

Академик 78 ёшида вафот этди.

'Шавкат Мирзиёев Азимбой Саъдуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллади'ning rasmi

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор Азимбой Саъдуллаев 2025 йил 28 май куни 78 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев академик вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллади.

А.Саъдуллаев 1947 йил 9 январда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилди. 1969 йилда Москва давлат университетини математика мутахассислиги бўйича тамомлади. Мазкур университет аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1989 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йилда ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

А.Саъдуллаев ўзининг 55 йиллик меҳнат фаолияти давомида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ўқитувчиси, доценти, кафедра мудири, факультет декани, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти катта илмий ходими, Урганч давлат университети ректори, Хоразм Маъмун академияси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди ва ўзининг юксак илмий-педагогик ва раҳбарлик салоҳиятини намоён этди.

Машҳур математик олимнинг илмий ишлари мамлакатимиз ва халқаро илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилган. Айниқса, унинг АҚШ олимлари билан ҳамкорликда янги йўналиш бўлган комплекс потенциаллар назарияси асосини яратгани, ҳозирги кунда ушбу ишланма амалиётда кенг қўлланаётгани фан оламида яхши маълум.

Истеъдодли олимнинг 200 дан ортиқ илмий мақолалари, 15 та монографиясида математика соҳасининг кўплаб долзарб масалалари атрофлича тадқиқ этилган.

Академик А.Саъдуллаев жонкуяр ва талабчан устоз сифатида кўплаб ёшларга таълим-тарбия берди. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан доктори ва фан номзодлари тайёрланди.

А.Саъдуллаев 1995-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида самарали фаолият олиб бориб, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, парламент назорати механизмларини такомиллаштиришда жонбозлик кўрсатди.

Академик А.Саъдуллаевнинг мамлакатимиз илм-фани ва таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

Таниқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Азимбой Саъдуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, А.Арипов, Ш.Аюпов

    Бошқа янгиликлар