Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар бермоқда.
"Маълумки, амалдаги “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлар учун истеъмол кредити ажратилиши чекланган. Бу мантиқсиз чеклов бир томондан мамлакат аҳолисига танлов имкониятини чеклаш орқали ноқулайлик туғдирган бўлса, иккинчи томондан “маҳаллийлаштириш” шиори остида маҳаллий монополларни қўллаб қувватлаш орқали аҳоли учун тақдим этилаётган товар ва хизматлар нархининг ошишига ва рақобатсиз муҳит шаклланишига хизмат қилиб келган.
Мисол учун, ҳозирда маҳаллий монополимиз томондан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар билан нарх ва сифатда рақобатлашаётган хорижда ишлаб чиқарилган электрмобиллар харид қилиш учун ёки хорижий брендларнинг сифатли маиший техника воситаларини сотиб олиш учун банклардан истеъмол кредити олиш имкониятингиз йўқ . Натижада, одамлар бундай товарларни фақатгина муддатли тўлов асосида, банк истеъмол кредитидан бир неча баравар юқори фоизларда маиший техника дўконларидан ёки ишончсиз лизинг компаниялардан сотиб олишга мажбур бўлиб келишмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Давлат раҳбарининг 2022 йил 12 августдаги ПҚ-350 сон қарорида айнан ушбу ноқулайликни бекор қилиш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш белгиланган эди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ваниҳоят Қонунчилик палатасига киритилди. Умид қиламанки, ушбу қонун лойиҳаси қисқа муддатларда Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилиниб, президентимиз томонидан имзоланади ҳамда халқимизга қулайлик яратувчи яхши бир ўзгариш сифатида хизмат қилади", - дейилади депутат шарҳида.






