Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди.
Молия вазири Тимур Ишметов ўз маърузасида қуйидаги маълумотларни эълон қилди:
2023 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш сурати 5,3 фоиз миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда.
Хусусан, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 фоиз, қурилиш 6,0 фоиз, қишлоқ хўжалиги 3,5 фоиз, хизматлар соҳаси 6,7 фоизга ортиши кутилмоқда.
2023 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 1068,0 триллион сўмни, Давлат бюджети даромадлари 232,1 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,7 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
Давлат бюджетининг харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга ) 257,7 триллион сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ёки 2022 йил кутилаётган ижрога нисбатан 18,9 трлн. сўмга ортиши прогноз қилинмоқда.
Қайд этилганидек, бюджет ҳисобдорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан вазирлик ва идораларнинг улар учун ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш юзасидан даврий ҳисоботларини эшитиб бориш тартиби жорий қилиш назарда тутилмоқда.






