2022 йил 26 декабр куни раҳбар кадрлар ва масъул лавозимга тайинланадиган шахслар учун давлат тилида расмий иш юритиш бўйича тест синовлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.
Тест синовлари раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилди.
Унда талабгорларнинг ўқиб тушуниш, имло қоидаларини тўғри қўллай олиш, сўз ва қўшимчалардан тўғри фойдалана билиш, тиниш белгиларини ўз ўрнида ишлата олиш ҳамда топшириққа кўра мос расмий ҳужжат матнини тайёрлаш каби кўникмалари текширилди.
Тест синови натижалари 15 иш куни ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.






