Ўзбекистон академик рус драма театрида Россия давлат академик Малий театрининг “Ҳақиқат – яхши, бахт ундан-да яхшироқ” спектакли намойиш этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида ёшлар маънавиятини юксалтириш, миллий санъат ва маданиятни янада равнақ топтириш, ижодкорларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилгани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида маданий-маърифий соҳаларда ҳам ўзаро алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон ва Россия ҳукумати ўртасида 2016-2018 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамда илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорлик дастури бу йўналишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Россия давлат академик Малий театрининг икки кунлик гастроль сафари давомида юртимиз санъат ихлосмандлари ушбу театрнинг «Ҳақиқат – яхши, бахт ундан-да яхшироқ» спектаклини томоша қилади. Александр Островский асари асосида режиссёр Сергей Женовач томонидан саҳнага қўйилган мазкур спектакль томошабинни инсоний бахт, шукроналик, ўз-ўзига нисбатан ҳалол, пок муносабатда бўлиш зарурлиги ҳақида ўйлашга ундайди.
Мазкур спектаклда Василий Бочкарев, Людмила Полякова, Евгения Глушенко, Лариса Кичанова, Сергей Вешев, Виктор Низовой, Глеб Подгородинский, Ольга Жевакина ҳамда Денис Курочка каби артистлар иштирок этмоқда.





