1

«Севишимни билмай кетган жуфти ҳалолим»

МУТОЛАА 19.09.2016, 17:11
Теглар: Муҳаббат, Юрагимда сақлаганларим, Оила, Эр-хотин
«Севишимни билмай кетган жуфти ҳалолим»

Ишхонамдан зўрға чиқдим, уйга боришни ҳеч ҳам истамасдим. Машинам автоуловлар тўхташ жойида турганига қарамай йўлнинг нариги бетидаги хиёбонга йўл олдим. Фавворалардан отилиб турган ўйноқи сув томчиларини кузатиб, кўнглим бироз таскин топгандек бўлди. Охирги пайтларда кўнглим тор бўлиб қолганини ўзим ҳам сезяпман, лекин нима қилай?.. Ҳаммаси мана шу қурмағур кўнгилни деб бўляпти-да! Бундай юришим билан иш битмаслигини тушунганим учун ҳам секин ортимга қайтдим. Уйга кириб борганимда хотиним дастурхон тузаб, мени кутиб ўтирган экан. Турмуш қурганимизга ўн етти йил тўлган бўлса ҳамки, Наргиза ҳанузгача ишдан қайтишимга худди бир маросимдек қарашини йўқотмаган. Лекин булар менга аллақачондан бери ёқмаслигини яширишга зўрға куч топаман...

Чиройли тузатилган дастурхон бошига келиб ўтирарканман, чой қуйиб узатишга чоғланаётган хотинимнинг қўлидан секингина ушладим. Имкон қадар босиқ овозда гапиришга ҳаракат қилиб, жиддий суҳбатлашмасак бўлмаслигини тушунтирдим. У индамайгина бошини хам қилди. Бу ҳолатидан виждоним баттар қийналаётганини қани эди тушунса! Лекин хаёлимни икки ойдан буён банд этган фикрни айтмасам бўлмасди, асабийлаша бошладим.

—  Ажрашмасак бўлмайди!

—  Нима учун? — унинг айтган гапи шу бўлди, холос. Мен жавоб беришдан қочиб, ўрнимдан турдим. Ўша куни иккимиздан бошқа садо чиқмади.

Ўтган йилларга назар солсам, Наргизанинг бирон ёмон иш қилгани ёки менга қарши бош кўтарганини эслолмайман. Ота-онамни, опа-укаларимни ҳурмат қилади. Бошқа келинларда битта қайнона бўлса, менинг хотиним икки қайнонали келин эди.

—  Илёс менинг катта набирам, сенинг эса ҳали яна учта ўғлинг бор. Куёвим билан маслаҳатлашиб кўр, катта келининг менинг хизматимни қилса дегандим.

—  Ая, меники-сеники деганингиз нимаси? Сиз катта буви бўлиб, уйимизнинг тўрида ўтирасиз. Сиз билан менинг хизматимни қилмаса қандоқ келин бўлди у?!

Момом барибир ўз айтганида қатъий туриб олди. Тўйимдан аввал ётиб қолганлари эса вазиятни улар томонга ҳал этди. Биз янги келин-куёв бувим билан бирга яшайдиган бўлдик. Наргиза оғринмай бувимнинг ҳам, онамнинг ҳам кўнглидан жой олишга ҳаракат қилар, иккита уйдаги бир жуфт қайноналаридан ортмай қоларди. Мен бечорага эса сурункали чарчоқда юрадиган хотин насиб этганди. Тўғри, у пазанда, қўли гул, ораста, бироқ... Эркак кишига буларнинг унчалик ҳам аҳамияти бўлмаслигини у ўз вақтида тушуниб етмади. Ҳамма нарсага бошини эгиб кетаверади. Баъзида атайин бегона аёллар билан телефонда гаплашардим, зора мени рашк қилса деб, у эса жим... Ишдан атайин кеч қайтардим, у яна жим. Ҳамма қилиқларимга сукут билан жавоб берарди. Бировга чурқ ҳам этмас, ота-онасиникига ҳам кетиб қолмасди. Аёлимнинг қалбини жунбушга келтиришга бўлган уринишларим, барча ҳаракатларим самарасизлигини англаганимдан сўнг мен ҳам бефарқ эрга айландим.

—  Табриклаймиз! Ота бўлдингиз! Ўғил! — доянинг айтган бу сўзларидан еттинчи осмонга учдим. Ахир, қайси эркак ота бўлишни, айниқса, тўнғич фарзанди ўғил туғилишини истамайди дейсиз.

Бироқ шифокорларнинг икки кундан сўнг айтган гаплари мени бутунлай карахт аҳволга солиб қўйди:

—  Рафиқангизнинг ҳомиладорлик даври оғир ўтган, туғруқдан сўнг кўп қон йўқотди. Афсуски, бачадонни олиб ташлашга мажбурмиз. Амалиётни бажармасак, аёлингизнинг аҳволи ўнгланмай қолиши мумкин, розимисиз?

Ҳаёт-мамот масаласини ота-онам ҳал этишди. «Наргиза тирик қолса, бас! Асосийси, бағрингизда битта бўлса ҳам фарзандингиз бор. Энди икковини ҳам асраб-авайлайсан!» Ўшанда бу мен учун катта вазифа эканини англамабман.

Идорамизга тўрт йил аввал ишга кирган Матлуба билан тил топишишга унчалик ҳам қийналмадим. Мен хушомадларни ўз ўрнига қўядиган эркак бўлсам, у муносиб жавоб қайтаришни, нозу карашма қилишни биладиган аёл эди. Оиласидан бефарзандлиги сабаб ажрашган, ўзини бутунлай ишга бағишлашганди. Юрагим Матлубага тегишли бўлиб қолди. Тўғриси, хотинимга қиё боқишни ҳам истамаслигимни тушунардим. Оилам шунчаки мажбурият сифатида қарай бошлаганимдан ўзимнинг ҳам виждоним баъзида қийналарди. Хотинимга эса фақат раҳмим келарди.

Эртаси куни ишдан имкон қадар кеч қайтдим, Наргиза дастурхон безатиб қўйиб, ўғлимиз билан бирга ўтирган экан. Иккови билан ҳам ҳол-аҳвол сўрашгандек бўлиб, кечки овқатни емай ётоқхонага кириб кетдим. Жуда чарчагандим, бугун Матлуба билан вақтимиз чоғ ўтгании ўйлаб, уйқуга ётдим.

Тонгда кўзимни очишим билан хотиним ёнимда менга тикилиб ўтирганини кўрдим. Ўша вақтда у ажрашиш учун ўз шартлари борлигини айтди. Мендан ҳеч нарса истамаслигини, фақатгина ажрашишимизни бир ой ортга суришимизни сўради. Бунинг сабабини ҳам оддийгина қилиб тушунтирди: якка-ю ягона ўғлимиз бу йил мактабни битиради, коллежга ўқишга кириши керак. Битирув имтиҳонларига ўн кун қолган бўлса, кириш имтиҳонларига ҳам унча кўп вақт қолмаган. Фарзандимиз бизнинг ажрашув можароларимизга аралашмаслиги ва фикри бўлинмаслигини истайди. Мана шу бир ой давомида имкон қадар яхши яшашга ҳаракат қилишимиз кераклиги, ҳар куни ишга кетишим ва уйга қайтишимда ўғлимизнинг кўз ўнгида юзидан бўса олишим каби шартларни қўйди. Унинг қарорига ҳеч жаҳлим чиқмади, балки ажримнинг бир ойга ортга сурилиши менга ҳам қулай эди. Фақатгина сўнгги шартини эшитиб, Наргизанинг эс-ҳуши жойидамикан, деб ўйлаб қолдим. Нима бўлганида ҳам, асосийси, ажрашишга рози бўлганига шукур қилдим.

«Нега ажрашяпсанлар?» — деб айтадиганлар кўп бўлиши мумкин, лекин «Мен учун оилангдан ажрама!» деган гаплар кор қилмаслигини ҳамма ҳам яхши тушунади. Бу томондан кўнглим хотиржам. Яшаётган уйимизни ҳам ўғлимнинг номига хатлаб кетаман. Инсофсиз ота деган ном олишни истамайман. Бир йил аввал Матлубанинг номига икки хонали уй сотиб олгандим, ҳозирча ўшанда яшаб турамиз, кейинчалик эса бир гап бўлар...

Наргиза билан анчадан буён яқин эмасдик, шунинг учун бўлса керак, белгиланган ойнинг биринчи кунида унинг юзидан бўса олиш менга анчагина эриш туюларди. Ўғлимиз хандон отиб кулиб юборди. Бундан қандай аҳволга тушганимни тасаввур қилаверинг. Бора-бора унинг кўзлари бу ишимизга ўргандими, билмадим, «Дада, ойимдан бўса олишни унутдингиз!» дейдиган бўлди. Бир ойнинг икки ҳафтаси ҳам ортда қолди, яқинда мен озод қушга айланаман, аммо ўтган вақт ичида оилавий ҳаётимиз нақадар сокинлигига амин бўлдим. Оиламдан ортиб, касбимда кўпгина ютуқларга эришишимга шу сокинлик, хотиржамлик сабаб эмасмикан, деган ўй пайдо бўлди.

Сўнгги кунда Наргизанинг юзидан бўса олар эканман, қимирлашга ҳам мажолим йўқлигини сездим. Ўғлимиз биз билан хайрлашиб, кўчага чиқиб кетди. Мен эса ҳамон рафиқамнинг қаршисида турардим, ҳаётимизга шунчаки яқинлик етишмаганига афсус чекардим. Унинг ҳам кўзлари мунгли, худди юрагидаги дардини айтгиси келаётгандек эди. Индамай ишга жўнадим. Аниқроғи, идорага ҳам бормадим, хиёбонда сайр қилгим келди. Қанча вақт юрганимни билмайман, охири идорага қараб чопа бошладим. Ҳовлиқиб Матлубанинг хонаси томон юрдим, у ҳам мени кутгандек эшик остонасида турарди. 

—  Биз ортиқ бирга бўлолмаймиз! Хотиним билан ажрашишни истамайман! — юзимга тарсаки тушса ҳам чидадим, назаримда, Матлуба уйқудан энди уйғонгандек аҳволда эди.

Уйга шошардим, Наргиза учун йўл-йўлакай гулдаста олдим. Охирги марта унга қачон гулдаста совға қилганимни эслолмасдим. Эшикни очиб, «Бир умр ҳар тонг юзингдан бўса олишга тайёрман!»— деганимда ҳайрон қолса керак.

Эшикни тақиллатдим, ҳеч ким жавоб бермади. Итариб кўрсам, очиқ экан. Қизиқ, эшигимиз доим қулф турарди. Наргизани ётоқхонадан топдим. У қўлида бир қоғозни ушалаганча ухларди, ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлаган эканман. У нафас олмасди. Мен Матлуба билан овора бўлган вақтда аёлим кўкрак бези саратони билан оғриган, лекин курашишга кучи етмаган экан...

Наргиза ўзини ўйламаган бўлса-да, умрининг сўнгида ўғлимнинг кўз ўнгида меҳрибон эр ва яхши ота бўлиб кўринишим учун менга имкон берган экан. Афсуски, мен бундай аёлнинг қадрига ета олмадим.

ОРЗУ ёзиб олди

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1