1

Ватанга хиёнат кечирилмас жиноят

МОЗИЙДАН САДО 21.09.2016, 16:55
Теглар: Жиноят
Ватанга хиёнат кечирилмас жиноят

Бугун ўз истиқлолининг 25 йиллигини нишонлаётган она Ватанимиз ўтмишда не-не босқинларни, кулфат ва мустабитларни кўрмаган. Она юртимиз тарихида озодлик учун ўз жонини фидо қилган баҳодирлар ҳам, уни ёвга сотишга уринган хоинлар ҳам, ғанимнинг фитнасига лаққа тушган калтафаҳм кимсалар ҳам учрайди. Бугун ана шулардан бири ҳақида ҳикоя қилсак.

Душманга қарши иттифоқ
Муаррих Наршахийнинг  далолат беришича араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим (668-715) Бухорога бостириб келганда маҳаллий ҳукмдорлар бирлашиб унга қарши қўшин билан чиқадилар. 

Бир томондан Бухоро ҳукмдорларидан  Хунукхудот, Вардонзе ҳукмдори Варонхудот, иккинчи томондан турк ҳоқонининг жияни Кўрмағонун, яна бир томондан Суғд подшоҳи Тархун ҳар бири катта қўшин билан келиб Қутайбанинг аскарларини ўраб оладилар. 

Бу жангда арабларнинг енгилиши аниқ  бўлиб қолади, Қутайба қўшини  оғир аҳволга тушади. Шунда у яқинларидан бўлмиш Ҳайёни Наботийга бу аҳволдан қандай қутулиш борасида маслаҳат солади. 

— Менга эрталабгача муҳлат бер, – дейди Ҳайёни Наботий Қутайбага. Сўнг у Суғд подшоҳи Тархунга яшириқча киши юбориб, у билан хуфия учрашиши лозимлигини, маслаҳатли иш борлигини айтади.  

Хилватдаги суҳбат
Суғд ҳукмдори Тархун ва араб саркардасининг мулозими Ҳайён жанг қизиб турган бир пайтда пана бир маконда учрашадилар. 

— Мамлакатинг қўлдан кетибди-ю, сенинг хабаринг йўқ, – дейди Ҳайён ўзини хотиржам ва вазмин тутишга уриниб. 

— Қандай қилиб? – деб сўрайди Тархун таажжуб билан.

—  Мен сенга бир сирни очаман, — дейди Ҳайён. —  Биз араблар ҳаво иссиқ вақтдагина бу ерда тура оламиз. Чунки, бизнинг аскарларимиз совуққа чидамсиз. Ҳаво эса, совуб қолди, демак бизнинг қайтадиган  вақтимиз бўлди.  Токи биз бу ерда эканмиз, турклар биз билан уруш қиладилар, бу ердан кетишимиз билан улар  сен билан урушиб,  Суғдни эгаллаб олишлари турган гап. Демак, сен мулкингдан айриласан.

Тархун бу гапдан сўнг талмовсираб қолади. Қаршисида рақиб томоннинг вакили эмас, қадрдон дўсти тургандек уннг гапларига чиппа-чин ишонади. 

— Мен қандай чора кўришим керак? – деб сўрайди ундан нажот кутиб.

— Сен Қутайба билан сулҳ тузиб, ўлжа сифатида бирон нарса берасан. Туркларга эса, гўё Кеш ва Нахшаб йўли билан катта қўшин Қутайбага ёрдам бергани келаётганини, ўзинг бу жангда енгилишингни билиб, ўз вилоятингга қайтишингни айтасан. Шунда турклар ҳам ортга қайтадилар. Сен биз билан сулҳ тузсанг биз сенга ёмонлик истамаймиз.

Бу маслаҳат Тархунга анча оқилона бўлиб туюлади. У Ҳайёнга раҳмат айтиб, ортга қайтади. 

Кечаси Тархун Қутайбага одам юборади, у билан сулҳ тузиб, мол ва икки минг дирам жўнатади. Сўнг карнай чалдириб лашкарини жанг майдонидан чақириб олади ва ўз юртига қайтишни буюради. 

Алданган ҳукмдор
Табиийки, у билан арабларга қарши иттифоқ тузган бошқа ҳукмдорлар ундан бу қарорнинг сабабини сўрайдилар. 

—  Хабарингиз йўқми? – дейди Тархун. — Арабларга Кеш ва Нахшаб томонидан жуда катта куч  ёрдамга келаётган экан. Улар етиб келишса, баримиз қирилиб кетамиз. Шу боис, яхшиси сулҳ тузишни афзал кўрдим. Мен ўз вилоятимга кетаман. Истасанглар ўзларинг урушаверинглар!

Буни эшитиб туркларнинг  лашкарбошиси Кўрмағонун ҳам лашкарини жангдан олиб ўз юртига қараб йўлга тушади. Бухоро ҳукмдорлари яккаланиб қоладилар ва Қутайба қўшинлари осонлик билан уларни енгиб Бухорони забт этадилар.

Душман қутқусига учган Суғд подшоси ўз пойтахти Самарқандга келгач, халқ унинг араблар билан махфий сулҳ тузиб, жанг майдонини ташлаб қочгани учун қўзғолон кўтариб,  тахтдан тушурадилар. Бу орада араблар Самарқандни фатҳ этадилар. 

Ўз хиёнатининг нақадар оғирлигини билган Тархун эса ўз жонига қасд қилади. “Тарихи Табарий”да келтирилишича у тик қилиб қўйилган қиличи устига ўзини ташлайди, қилич унинг елкасидан тешиб чиқади.

Ҳа, душман қутқусига учишдан ҳам ортиқроқ бебахтлик йўқ. Зотан Ватан озодлиги, мустақиллигини сақлаш учун ҳар бир инсон огоҳ, сергак ва эҳтиёткор бўлмоғи зарур. Душманга ишонган одам эса, ғафлатда қолиб, мағлубиятга учраши турган гап.

М.Худойқулов тайёрлади.

Шарҳлар

Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди

10.08.2021, 17:29

Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ хабар берди.Маълум бўлишича, Термиз тумани “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Илҳом 2021 йил 29 июнь куни...
Йилнинг 6 ойида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган

10.08.2021, 16:44

2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган  матбуот анжуманидан махсус мухбиримиз Абдукарим Зарипов...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1