Туркманистон президенти Ўзбекистонни дўстона ва биродарлик билан қўллаб-қувватлаш мақсадида суюлтирилган газни Ўзбекистонга бепул ўтказиш бўйича фармон имзолади. Бу ҳақдаги хабар мамлакат ҳукумати порталида эълон қилинди.
Маълум қилинишича, Фармон билан "Туркмангаз" давлат концернига тегишли ҳажмдаги суюлтирилган газни Ўзбекистонга ўтказиш топширилган. Бироқ, айнан қанча ҳажмда газ ўтказилиши ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Сардор Умурзоқовнинг Туркманистонга ташрифи чоғидаги музокаралар якунида Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 миллион куб метр газ (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) бериш бўйича шартнома имзолангани айтилган эди.
Сал аввал юзага келган техник сабабларга кўра 12 январдан бошлаб Туркманистон Ўзбекистонга табиий газ экспортини вақтинча тўхтатиб, 21 январда қайта тиклаган эди.