1

Қўқонарава

МУТОЛАА 04.02.2023, 23:51
Қўқонарава

Бир дала сабабли Савруклардан Ҳусайн Аркбошида Сариқ Маҳмудни отди. Ўттиз хонадондан иборат бутун қишлоқ жанжалга аралашди. Ҳайратда эдилар. Барча қўрқув билан зобитларнинг келишини кутаётган эди.  Ваҳоланки, маҳкамагача бу ердан олти соатлик йўл эди. Қишлоқдан бирор киши жиноятдан хабар бермагунича  ҳатто ўн беш кунлаб бу ерда қораларини ҳам кўрсатишмасди. Буни анчадан сўнг бир қишлоқлик эслатганидан кейин қаҳвахонада қишлоқ оқсоқоллари Ҳусайннинг отаси Мавлуд отанинг атрофида тўпланишди.   Сариқ Маҳмуднинг кекса онасидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Кампир билан юзма-юз коришиб, даъво қилмаслиги учун насиҳат қила бошладилар. 

Имом: 

— Ҳой кампир,  даъво қилиб нима топасан? Мавлуд отанинг ўғли одам ўлдирди деб ким ҳам гувоҳлик берар эди? Гувоҳлик берди ҳам дейлик, ойда камида икки марта шаҳарчага борсанг, ҳар сафарида тўарт-беш кунингни зое қилсанг, далага экинни ким экади, ишларингни ким қилади? Икки кун йўл босиб шаҳарчагача борасан, гувоҳларинг келмади, кейинги ҳафта хабар ол  деб маҳкамангни қолдиришади. Кунини адаштириб боролмайсан, зобитларнинг ўзлари келиб олиб кетишади, ана ундан кейин истасанг ҳам қутила олмайсан, рўзғорингда халоват қолмайди. Мана бу ҳақиқий фалокат. Ҳақнинг ўзи шуни хоҳлабди, Аллоҳнинг амрига маҳкамани қарши қўясанми? Нима қилсанг қил, ўғлинг қайтиб келмайди. Кел, ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолсин. Шусиз ҳам Сариқ Маҳмуднинг сенга фойдаси тегмаётган эди, тўй-у байрамда кезиб, сотган бир пудлик экинингнинг пулини кўнгил хушлаш учун совурарди. Бундан буён  Мавлуд ота кам-кўстингдан хабар олиб туришини айтаяпти. Шунга нима дейсан?

Кампир бу сўзларни бош чайқаб эшитаркан, йиғидан қизарган намли кўзларини   қабариқ қўллари билан артар, имом сўзини тугатганда ҳам ҳамон бир маромда тебранишда давом этарди. Бошидаги ямоқ ва кир рўмоли остидан тўзғиб чиққан хинаси очиб, қуриган отни эслатувчи сочларини  юзлари ва нам яноқларидан олди. Тушунарсиз минғирлади. 
Йиғилганлардан яна бир нечтаси кампирнинг қаршисида чўккалаб, бироз авраш, бироз таҳдид шаклида соатлаб: 

— Шундай эмасми? Айтсанг-чи! Маъқулми? Айтақол! — дейишди. 

Бу вақтда майит ташқарида, қаҳвахона боғчасидаги сўрида бир бўйранинг устида ётарди. Устини эски ва кир кигиз билан ўрашган эди. Бош учида икки-уч пашша визиллаб айланарди. Нарироқда қуёшдан кўзлари қамашган бир гуруҳ ёш болалар қўлларида бўйларидан баланд таёқлар билан сас-садосиз кигиздан чиқиб турган майитнинг оёқларига қарашарди. Товонлари ва тўпиқлари батамом йиртилган қалин жун пайпоқ ичида сарғайган ҳаракациз оёқлар ва унинг устида учиб, қуёш нурларида яшил тусда товланган пашшалар уларга завқ берарди.

Ора-сира ичларидан бири ўзи чақирган овозни эшитиб, онасининг ёнига югурар, бироздан сўнг яна чопиб келиб эски ўрнида аввалгидек ҳаракациз турарди. 

Қаҳвахонадагилар аста-секин тарқалишди. Кампир ўғлининг бош учига бориб ўтирди. Бир қўли билан пашшаларни ҳайдар, бошқа қўли билан кексалик ва хасталикдан нўхатдек кичрайган кўзларини артарди. Гўёки беморнинг бошида тургандек эди. Қўлини оғир-оғир силкитиб пашшаларни ҳайдарди. 

Бир қария бўғиқ овоз билан болаларни уйларига жўнатиб юборди. Қолганлари ҳам секин-секин тарқалдилар. Бир нечта йигит майитни уйига олиб боришди. Кечга яқин ҳаммаси эски ҳолига қайтганди. Жасад худди узоқ хасталикдан сўнг ўз ажали билан ўлгандек сукунатда ювилди ва кўмилди. 

Мавлуд ота азондан аввал Сариқ Маҳмуднинг онасига иккита соғин эчки билан бир қоп ун ва бир қоғоз халта шакар юборди. 

Бир ойча кейин қишлоққа икки отлиқ зобит келди. Қаҳвахона олдида отдан тушдилар. Уларни кўриб раиснинг юраги гупуллаб кетди, чунки улар маҳкама зобитлари эмас эди, катта эҳтимол билан вилоятдан келишаётганди. Зобитлардан бири дарҳол қоғоз-қалам чиқарди. Раисдан бошлаб ҳар бир кишининг ифодасини олишга киришди. Нариги зобит эса қишлоқ бўйлаб кезарди.

Мавзу бир зумда бутун қишлоққа тарқалди. Ҳусайн билан келиша олмаган ва шаҳарчада косиблик билан шуғилланадиган Савруклардан бўлган Галати Маҳмуд қишлоқликлардан эшитган жиноят ишини дарҳол ҳукуматга етказган эди. Энг бошида ўзи шифокорни олиб келмоқчи бўлди. Кейин августнинг бу жазирамасида от устида кунлаб йўл юра олишига кўзи етмади, жиноятни тафтиш қилишларини тайинлаб синчков икки зобитни жўнатди. Шифокор эҳтиёткорроқ бўлиш учун зобитларга агар бирор жиноят содир болган бўлса жасадни қабрдан чиқариб шаҳарчага олиб келишларини такрор-такрор тайинлади. 

Сариқ Маҳмуднинг онаси ифодасида ҳеч нарса демади. Фақат: 

— Мен ҳеч кимдан даъвогар эмасман! — деди. 

Ўғлинг ўз ажали билан ўлдими ёки кимдир ўқ уздими? — саволига ҳам мана шу жумла билан жавоб берди. 

Ҳамон дардли эди, фақат ҳукумат эшикларида саргардон бўлиш унга ўғлининг ўлимидан кўра қўрқинчлироқ туюларди. Ўттиз йил аввал шаҳарчадаги бозорда қишлоқликлардан бири бир халта булғур ўғирлатган ва уни гувоҳ қилиб кўрсатган эди. Ўшанда нақ олти ой маҳкамага бориб келганини ва ерларининг қаровсиз қолганини ўйлади. Ҳолбуки у пайтлар ёшроқ эди…

Бундан ташқари Маҳмуд қайтиб келмасди, қолаверса Мавлуд отани душман қилиш ҳам хайрли бўлмасди, кейин қишлоқда очликдан ўларди. Шу боисдан фақат инкор қилди. 

Асрдан кейин зобитлар қишлоқликлар билан қабристонга бориб Маҳмуднинг мурдасини қабрдан чиқардилар. Фақат ярим метр тупроқнинг остида бўлган жасаддан нохуш ҳид анқирди. Ҳамма беш-олти қадам ортга тисарилди. Зобитлар Маҳмуднинг онасини чақириб: 

— Қани аравани қўш! Ўғлингни шаҳарчага олиб борасан… Шифокор текширади! — дейишди.

Аёл: 

— Ўғлимни қабрда ҳам тинч қўймадинглар! — деб ўзини урар, тиз чўкиб Анадолу аёлларидек овозсиз, ҳиққиллаб йиғларди. Тўхтамасдан тебранар, қадоқ қўллари билан юз-козини муштларди. Зобитлардан бири  оёғи билан орқасидан  енгил туртиб: — Қани тур! — деди.

Аёл  аравани қўшди, ўғлининг қуртлаган мурдасини парча-парча бўлган кўрпага ўради, эски бир кўрпачани аравага ёзиб, мурдани унинг устига ётқизиб, ҳаммасини бирга боғлади. Буларни бажараркан дам-бадам тўхтар, бироз йиғлаб ўз-ўзига гапирар ва яна такрор ишида давом этарди. Кеч тушгач ёлғиз йўлга чиқди. Зобитлар аввалроқ раисни, имомни, Савруклардан Ҳусайнни бир-бирига боғлаб, олдиларига солиб олиб кетишган эди.

Кампир иккита ориқ ва кичик, битта эшакдек катталикдаги ҳўкиз тортиб кетаётган қўқонараванинг орқасида яланг оёқлари тошларга урилиб, қўлида таёқ билан йиғидан бўғилган овозида ҳўкизларга бақиришга уриниб борарди. Ёз кечаларини ёритган ойнинг нурида чиябўриларнинг овозини бостириб ғичирлаб оғир-оғир илдамлаётган бу арава ҳеч ҳам ўлик ортилганга ўхшамасди.

Ҳўкизлар сиртларига тушиб турган ой нурида кучли ва соғлом, ямоқ кўрпа ва эски қўқонарава нодир бир маъдандан ясалгандек чиройли ҳамда янги кўринарди. Аёлнинг сояси қўлидаги таёқ билан баробар, оқ тошларга, тўнкаларга урилиб метрларча узаяр, рақс тушаётгандек ҳаракатланарди.

Ҳолбуки, олтмишлар атрофидаги аёл аравадан келаётган нохуш ҳиддан ўзини йўқотган, қоқила-қоқила юрар, баъзан кутилмаганда тезлашган ҳўкизларнинг ёнида кетишга уринарди. Борган сари оёқлари судралиб, ичига юта-юта йиғлашдан ўпкаси тўлиб, нафас олишга қийнала бошлади.

Араванинг бир четидан тутиб яна бироз юрди. Оёқлари бир-бирига чалишиб кетарди. Ҳўкизларга “ҳўўш” деб бақиришни истади, овози бўғзига тиқилди, арава қўлларидан сирғалиб чиқиб кетди, ерга йиқилди, чанг ичида такрор оёққа турди ва югурди. Қарши тарафдан эса бошлаган салқин шамол кўйлаги ва лозимини учирар, йиртиқ рўмолини қора байроқ каби ҳилпиратарди. Аравага ета олмай яна йиқилди, юзи йўлнинг оқ ва кулдек тупроқ зарраларига кўмилди.

Арава тошларга урилганча устида боғланган жасадни икки тарафга отар, баландлаб-пастлаб борар, дардли чийиллар, ой нури остида ва туннинг сассизлиги ичида орқасидан енгил чанг тўзони қолдириб, оғир-оғир ўз билганича илдамларди.  

Сабаҳаттин Али, 1935

Шаҳрибону Фармонова таржимаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1