АсосийJamiyat

Кореядаги хорижлик талабалар ўртасида ўзбекистонликлар сон жиҳатдан учинчи ўринда туради — Корея таълим вазири

'Кореядаги хорижлик талабалар ўртасида ўзбекистонликлар сон жиҳатдан учинчи ўринда туради — Корея таълим вазири'ning rasmi

Бугун Тошкентда Ўзбекистон ва Корея олий таълим муассасалари ректорлари форуми ўз ишини бошлади, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" журналисти. 

Форумда 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этмоқда.

Қайд этилишича, икки давлат таълим соҳасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформа вазифасини ўтайдиган форум университетлар инновацияси ва тўртинчи саноат инқилоби даврида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишга бағишланади. 

"Корея Республикаси билан олий таълим соҳасидаги алоқаларимиз авваллари асосан корейс ўрганиш билан боғлиқ бўлган бўлса, ҳозирда Жанубий Кореянинг етакчи университетлари билан таълим ва илмий ҳамкорликнинг бошқа кўплаб йўналишлари бўйича алоқалар ўрнатилди. Хусусан, техник ва муҳандислик фанлари, ахборот, рақамлаштириш ва саноат технологияларига, жумладан, “яшил технологиялар” йўналишларига ихтисослашган Инха, Аджу, Пучон ва Корея халқаро университетлари филиаллари Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари,  Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) турли техник ёрдамдастурлари доирасида Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Корея университетларида магистратурада ўқитиш учун стипендиялар ажратмоқда. Ўқитувчи ва мутахассислар учун KOICA томонидан Жанубий Корея сезиларли ютуқларга эришган турли соҳаларда ташкил этилган семинар ва ўқув курслари, айниқса, янги саноат технологиялари, ахборот ва компьютер тизимлари, тиббиёт ва тиббий таълим ва бошқа кўплаб соҳаларни ривожлантиришда Корея тажрибаси ва билимларини ўрганиш муҳимдир", - деди Форумни очиб берган Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов

Корея Бош вазири ўринбосари, Таълим вазири Жу-Хо Ўзбекистон ва Кореяда таълим олаётган икки давлат талабалари сони бугун янада ортганини билдирди. 

"Мамлакатларимиз ўртасида 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилгандан буён икки давлат ўртасида турли соҳаларда, жумладан иқтисодий, ижтимоий ва кадрлар алмашунивида ҳамкорлигимиз кенгайиб бормоқда. Маълумки, Кореянинг турли университетлари Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб боришмоқда.  

Бугун Корея Республикаси олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўртасида ўзбекистонлик талабалар сон жиҳатдан учинчи ўринда туради. Ўзбекистонда таълим олаётган кореялик талабалар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда.  

Корея Республикаси Таълим вазирлиги ҳузуридаги университетлар ўз тажрибасини дунё мамлакатларига улашиб, хусусан иқтидорли талабаларни жалб қилиш мақсадида ҳамкорлик қилиб боришмоқда. Ўзбекистон ҳукуматидан ушбу масалага доимий эътибор қаратиб қўллаб-қувватлаб боришингизни сўраб қоламиз", - деди Корея таълим вазири.

Форум давомида университет ректорлари ўзаро ахборот алмашиш, тажриба ўрганиш, маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказиш, қўшма маърузалар ўқиш бўйича қўшма дастурлар яратиш, қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиш имкониятига эга бўладилар. Халқаро  форум якунида қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда. Битимлар асосан икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйишга қаратилади. 

Шунингдек, форум доирасида меҳмонлар пойтахтимиздаги бир қатор олий таълим муассасалари, технопарклар билан танишишлари ҳамда Самарқанд шаҳрига ҳам ташриф буюриши режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар