Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон бўйича бир кунда 19-20 минг тонна чиқинди ҳосил бўлмоқда. Чиқиндилар турли хил металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат бўлиб, уларнинг фақат 32 фоизи қайта ишланмоқда. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазири биринчи ўринбосари Обид Қудратов 30 март — Халқаро чиқиндисиз кунмуносабати билан пойтахтда бўлиб ўтган тадбирда маълум қилди.
Аввал хабар қилганимиздек, Туркия Республикаси ўтган йили Халқаро чиқиндисиз кунни белгилаш ҳақидаги резолюцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2022 йил 14 декабрдаги 77-сессиясида 30 мартни ҳар йили нишонланадиган “Халқаро чиқиндисиз кун” деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди. Бугун дунёнинг 105 та давлатида, хусусан Ўзбекистонда ҳам мазкур кун нишонланмоқда, умумтарғибот ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Табиат ресурслари вазирлиги 30 март — Халқаро чиқиндисиз кун (“International Day of Zero Waste”) муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кенг жамоатчилик билан биргаликда югуриш орқали чиқиндиларни саралаб йиғиш – “плоггинг” тадбирларини ўтказди.
Пойтахтда ташкил этилган тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Табиат ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов республика бўйлаб илк бор ўтказилаётган ушбу плоггинг тадбир ҳудудларимиз тоза-озодалигини таъминлашга, жамоатчиликда бу борада дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилишини таъкидлади.
"Бугунги кунда аҳоли томондан қаттиқ маиший чиқиндиларни дуч келган ерларга ташлаб кетилиши оқибатида аҳоли пунктлари, магистрал йўл ёқалари, дала майдонлари четлари ва сув ҳавзалари қирғоқларида ноқонуний чиқиндихоналар ҳосил бўлиши давом этмоқда. Дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб улгурган.
Таъкидлаш лозимки, чиқинди муаммоси Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатмиз бўйича бир кунда 19-20 минг тонна чиқинди ҳосил бўлмоқда. Чиқиндилар турли хил металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат бўлиб, бугунги кунда уларнинг фақат 32 фоизи қайта ишланмоқда", - деди вазир ўринбосари.
Қайд этилишича, 2020 йил 28,9 минг, 2021 йил 18,7 минг, 2022 йилда 20,3 минг нафардан зиёд фуқаролар чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Халқаро чиқиндиларсиз кунни ўтказиш орқали чиқиндисиз ташаббусларни илгари суриш билан кенг жамоатчиликнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини ўзгартириш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш моделларини тарғиб қилиш, айланма иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Маълум қилинишича, энди чиқиндиларга чиқини деб эмас, даромад манбаи деб қараш лозим. Уларни саралаш ва қайта ишлаш орқали турли хўжалик моллари, пласмасса идишлар, қоғозлар ишлаб чиқари мумкин. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов маълум қилди.
Тошкент шаҳрида мазкур тадбир доирасида вазирлик раҳбарияти ва қатор ташкилотлар вакиллари иштирокида Мирзо Улуғбек туманининг Истиқлол ва Махтумқули кўчалари кесишмасида жойлашган боғни чиқиндилардан тозалаш акцияси тарзида бўлиб ўтди ва ушбу боғ ҳудуди иштирокчилар томонидан янада тоза ҳолатга келтирилди.
Маълумот учун: 2019 йилдан буён Ўзбекистонда ҳар йили сентябрь ойининг учинчи шанба куни “Бутунжахон тозалик куни” муносабати билан ҳудудларда аҳолининг турли қатламлари, айниқса ёшларни кенг жалб қилган ҳолда чиқиндиларни югуриш орқали саралаб йиғиш тадбирлари – “Плоггинг” ўтказиб келинмоқда. Жумладан, 2022 йилда республика бўйлаб 515 та манзилда ўтказилган тадбирда 100 минг нафардан ортиқ иштирокчи, 2 964 та махсус техника ёрдамида 6 661 га ер майдонидан жами 40 503,6 тонна қаттиқ маший чиқиндилар йиғилиб, белгиланган тартибда утилизация қилинди.
Фарида Эгамбердиева,
Каримжон Зарипов