1

Ишқий муносабатлардан руҳий ўзгаришларгача...

СУҒДИЁНА 07.10.2016, 17:36
Теглар: Аёл, Эркак, Оила, Эр-хотин
Ишқий муносабатлардан руҳий ўзгаришларгача...

Муштарийларнинг йўллаётган ҳеч бир мурожаати эътиборимиздан четда қолишини истамаймиз. Имкон қадар ҳар бирига жавоб беришга, муаммоларига ечим топишда кўмаклашишга ҳаракат қиламиз. Галдаги саволларингизга андролог-сексопатолог Рамазон НАЗАРОВ жавоб беради.

 

«МУАММО НИМАДА, БИЛОЛМАЯПМАН...»

— Ёшим 25да. Уйланганман. Илгари жинсий ҳаёт масаласида муаммо бўлмаган. Энди эса яқинликнинг жуда тез тугаши ташвишга солаяпти. Эҳтимол, соғлигимда бирор муаммо бормикан деб ўйланиб қолдим.

А.К

— Бундай пайтда дарров дори-дармонга ёпишиб бўлмайди. Яхшиси, яқинликка руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўринг. Бунинг учун яқинликнинг бошланғич қисмини узоқроқ чўзилишига ҳаракат қилинг. Барча ҳаракатларингиз чин дилдан, табиий бўлиши, шошмаслик яқинликнинг узоқ давом этишига, албатта, ёрдам беради.

 

«ЁТОҒИМИЗНИ БЎЛАК ҚИЛИБ ОЛАМИЗ...»

— Яқинлик масаласида эрим билан кўп тортишиб қоламиз. Шу масалада негадир бир-биримизни тушунишимиз қийинроқ. Оддий нарсалар ҳам катта тортишувга айланиб кетади. Сўнг ётоғимизни алоҳида қилиб, 3-4 кунлаб гаплашмай юрамиз. Орага совуқчилик тушмаслиги учун қандай йўл тутишим лозим?

Наргиза, Самарқанд

— Бу табиий ҳолат. Жанжал пайтида эр-хотин ўзи билмаган ҳолда кескин гаплар билан бир-бирининг кўнглига оғритиши мумкин. Ҳиссиётлар бироз тиниши учун маълум вақт керак бўлади. Лекин аразлаш ҳолати одат тусига айланмаслиги лозим. Маслаҳатим, ҳар қандай вазиятда бир-бирингизни рақиб эмас, жуфтлик сифатида тасаввур қилинг. Бу муаммоларга енгилроқ қарашингизга ва қандай вазият бўлмасин, бир-бирингизни тушунишингизга ёрдам беради.

 

"БИР-БИРИМИЗДАН УЗОҚЛАШИБ КЕТМАСАК ЭДИ"

— Катта ўғлимни 4 ёшли бўлгач, алоҳида хонага чиқардим. Кичиги эса энди иккига кирди. Тез-тез шамоллаб қолади. Шунинг учун кўпроқ ўзим билан олиб ётаман. Аммо бу эримга ёқмайди. «Болани қачон алоҳида ётишга ўргатасан, эр-хотиндек яшаймизми ўзи» деяверади. Бир-икки марта алоҳида ётқизиб кўрдим, тунда хархаша қилгач, ноилож яна ўзим билан олиб ётибман. Шуни деб турмуш ўртоғим мендан узоқлашиб кетмасайди, деб қўрқаяпман.

Самира, Бухоро

— Эрингиз бу вазиятда тўлақонли ҳақ. Бу ёшда фарзандингиз бемалол алоҳида хонада ётиши мумкин. Ҳатто, бундай қилишга мажбурсиз. Чунки бу гигиеник томондан ҳам тўғри келмайди. Боз устига болада мустақиллик тушунчасини ривожлантириш, қоронғидан қўрқмасликка ва сизга ҳадеб қарам бўлмасликка ўргатиш учун ҳам шундай йўл тутишингиз керак. Уйдаги «об-ҳаво» яхши бўлиши учун эр-хотин муносабатларида ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги шарт. Кичкинтойингиз ётадиган хонани иситиш воситалари билан жиҳозлаш, каравотига ўзи ётқтирган мультфильм қаҳрамонлари суратлари туширилган кўрпа-тўшаклар солиш, болаларбоп тунги чироқ ёқиб қўйиш орқали болангизни янги жойига ўргатинг.

 

«РАФИҚАМ ТУҒРУҚДАН СЎНГ ЎЗГАРИБ ҚОЛДИ...»

— Фарзандли бўлганимиздан сўнг рафиқам яқинликни истамай қолди. Турли баҳоналар билан ўзини олиб қочади. Боламиз олти ойлик бўлаяпти унинг бўлса бахоналари тугай демайди...

Дилшод, Тошкент

— Турмуш ўртоғингизда туғруқ жараёни оғир кечгани бўлиши мумкин. Балки бунинг асорати сифатида жинсий аъзоларига шикаст етгандир. Ва жинсий яқинлик пайтида у оғриқ сезиши табиий. Буни аниқлаш учун шифокор-гинекологга бориб, вазиятни аниқлаш зарур. Бундан ташқари, аёлларнинг организми гормонал ўзгаришни бошдан кечиради. Бу дегани аёл ўзини биринчи галда она сифатида намоён қилади. Аёллик вазифалари эса четга чиқади. Буни ҳам ҳисобга олган ҳолда, рафиқангизга бола парваришида кўпроқ ёрдам бериб, вазиятни эски ҳолатга келтиришингиз мумкин.

 

«ТАШВИШЛАР МУНОСАБАТЛАРГА АРАЛАШМАСИН ЭКАН...»

— Яқинлик пайти рафиқам уйдаги кичик муаммоларни ҳам айтаверади. Мен эса бундай жараёнда ҳеч нима чалғитишини истамайман. Бу ҳақда унга бир неча марта айтдим, барибир ўз билганидан қолмайди. Шуни дебми билмадим, «муносабат»лардан кўнглим қолиб кетаяпти.

Э.А

– Бу вазиятда муаммо нимадалигини аниқлаб олиш муҳим. Балки у нимадандир хафадир. Буни ҳам инобатга олиш зарур. Балки бирон ҳаракатингиз ёки бирон вазиятда ўзингизни ноўрин тутган, унинг кўзида обрўйингиз тушган бўлиши ҳам мумкин. Масалага ойдинлик киритиш учун аёлингиз билан аввалги ишонарли, романтик муносабатларни тиклаш зарур. У сиздан умуман кутмаган вазиятлар яратинг, масалан, кичикроқ бўлса-да, бирор нарса совға қилинг, бирга концерт-театрларга боринг, баъзан эр-хотин ёлғиз кафе ва ресторанларда ўтириб, дам олинг. Ишонинг, бундан кейин аёлингиз сизни танқид қилишни тўхтатади, сизда ҳам аёлингизга нисбатан илиқ туйғулар ва албатта, яқинлик истаги пайдо бўлади.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1